Қонунчилик палатасида Ёшлар масалалари бўйича комиссия тузилди, деб хабар берди қуйи палата ахборот хизмати.
Маълум қилинишича, 18 февраль куни ўтказилган мажлисда палатанинг Ёшлар масалалари бўйича комиссиясини тузиш тўғрисидаги масала кўриб чиқилган.
Ушбу тузилма ёшларнинг билим ва демократик кўникмаларини ривожлантириш, ижтимоий-иқтисодий ва сиёсий фаоллигини қўллаб-қувватлаш мақсадида ташкил этилган.
Комиссия ўз олдига қуйидаги вазифалар мақсад қилиб олди:
- парламент билан ёшлар қатлами ҳамкорлигини янада кучайтириш;
- қонунларда ёшлар манфаатларини илгари суриш;
- ёшларнинг кенг салоҳиятини рўёбга чиқаришга кўмаклашиш.
Мажлисда Шаҳноза Жолдасова комиссия раиси этиб тасдиқланди. У 2021 йилдан бери Қонунчилик Палатаси ҳузуридаги Ёшлар парламенти раиси лавозимида фаолият олиб бораётганди.
Эслатиб ўтамиз, Шавкат Мирзиёев 14 февраль куни бўлиб ўтган йиғилишда ёшларни иш билан таъминлаш, тадбиркорлик ва таълим олиш учун янги имкониятлар ҳақида маълум қилганди. Мажлисда барча тизимдаги раҳбарлар ёшларнинг овозини эшитишга мажбур, дея таъкидлаган президент.
Президент Бирлашган Араб Амирликларида ўтган катта форумда Тошкент шаҳридаги Президент мактаби глобал даражада энг нуфузли Zayed Sustainability Prize номинациясида ғолиб деб топилганини айтган.
«Бунинг бош омили нимада, деб сўрасангиз, мен аввало ёшларга муносабат давлат миқёсида бутунлай ўзгарганида, деб жавоб берган бўлардим. Ўғил-қизларимиз ёшлар масаласи давлат сиёсатининг устувор йўналишига айланганини сезиб, ўзларига беқиёс куч олмоқда», — деди президент.
Бундан беш йил олдин Сенат ва Қонунчилик палатасида Ёшлар парламенти ташкил этилган эди. Президент у ерда ёшлар сиёсий етакчилик, демократия мактаби, парламентаризм мактаби қандай бўлишини амалда кўргани, охирги сайловда ана шу ёшлардан икки нафари Қонунчилик палатасига, 250 нафари кенгашларга депутат бўлиб сайланганини таъкидлади.