Сурхондарё вилояти Узун туманида 15 февраль куни она ва бола ўлдирилиб, уйи ёқиб юборилгани аниқланди, деб хабар берди Бош прокуратура матбуот хизмати «Газета.uz»га.

Маълум қилинишича, Янгийўл маҳалласида яшовчи фуқаро соат 03:39 да туман ИИБ навбатчилик қисмига мурожаат қилиб, қўшниси М.Р.нинг хонадонида ёнғин бўлаётганини айтган.

Махсус гуруҳ воқеа жойида М.Р. ва унинг вояга етмаган фарзанди О.Ҳ. бош қисмидан олган жароҳатлари сабаб вафот этганини кўрган.

Шунингдек, яна икки нафар вояга етмаган бола — М.Ҳ. ва З.Ҳ. Узун тумани тиббиёт бирлашмаси жонлантириш бўлимига ётқизилган.

Ҳолат юзасидан Жиноят кодексининг 97-моддаси 2-қисм «а» банди (Икки ёки ундан ортиқ шахсни қасддан ўлдириш) билан жиноят иши қўзғатилган. Ҳозирда дастлабки тергов харакатлари олиб борилмоқда.