Ўзбекистонда олти йил аввал тугатилган «Озиқовқатсаноат» уюшмаси қайта тикланиши мумкин. Бу Савдо-саноат палатаси (ССП) томонидан жамоатчилик муҳокамаси учун эълон қилинган президент қарори лойиҳасида назарда тутилган.

«Ўзёғмойсаноат» уюшмаси негизида озиқ-овқат саноати ташкилотини ташкил этиш режалаштирилган.

Янги уюшма таркибига ёғ-мой маҳсулотлари, ун ва макарон, гўшт-сут маҳсулотлари, консерва, қандолат маҳсулотлари, салқин ичимликлар ва ичимликлар ишлаб чиқарувчи корхоналар киради.

Уюшмани молиялаштиришни корхоналарнинг аъзолик бадаллари, шунингдек, ССПнинг Тармоқларни қўллаб-қувватлаш жамғармаси маблағлари ҳисобидан амалга ошириш таклиф этилмоқда.

Уюшма фаолиятининг асосий йўналишларини қуйидагилар сифатида белгилаш таклиф этилмоқда:

  • Ўзбекистон озиқ-овқат маҳсулотларининг миллий брендини яратиш;
  • инновацион технологияларни модернизация қилиш ва жорий этишга инвестицияларни жалб қилиш;
  • юқори сифатли ва рақобатбардош маҳсулот ишлаб чиқаришда корхоналарни технологик қўллаб-қувватлаш;
  • халқаро бозорларга чиқиш, маркетинг тадқиқотларида иштирок этиш ва янги экспорт каналларини излашда кўмаклашиш;
  • қайта ишлаш корхоналари, фермер ва деҳқон хўжаликлари ўртасидаги кооперация;
  • корхоналарни халқаро стандартлар (ISO, GMP, FSCC, HACCP, Halal, Organic ва бошқалар) бўйича сертификатлаштиришни қўллаб-қувватлаш;
  • соҳанинг кадрлар салоҳиятини ривожлантириш, хорижий мутахассисларни жалб этиш;
  • корхоналарга озиқ-овқат маҳсулотларини мажбурий рақамли ёрлиқлашни жорий этишда ёрдам бериш.

Ҳужжат лойиҳасига кўра, 2025 йилдан бошлаб корхоналар қайта ишланган ёғ-мой маҳсулотларини чекловсиз экспорт қилиш имкониятига эга бўлади, улар учун божхона қийматининг 100 фоизи миқдорида экспорт божи жорий этилади.

2027 йил 1 январга қадар ассоциация аъзолари қуйидаги маҳсулотларни олиб киришда божхона тўловларидан озод этилиши режалаштирилган:

  • қандолат ва маргарин ишлаб чиқариш учун хомашё;
  • тропик мевалар, чой, ялпиз ва апельсин концентратлари;
  • қадоқлаш ва маркалаш материаллари.

Эслатиб ўтамиз, аввалги аналогик ташкилот Озиқ-овқат саноати корхоналари уюшмаси, 2016 йилдан эса «Ўзбекозиқовқатхолдинг» деб номланарди. У 2019 йилда президент қарори билан тугатилган. Унга аввал»Ўзавтосаноат»да ишлаган, кейинчалик Россияда банкрот деб эълон қилинган Тоҳиржон Жалилов раҳбарлик қилган.

Молиячи Отабек Бакировнинг ёзишича, ўшанда «озиқ-овқат вазирлиги»нинг тугатилиши сабабларидан бири сифатида ҳаддан ташқари бюрократик тўсиқлар ва бир-бирини такрорловчи ваколатлар соҳа ривожига тўсқинлик қилаётгани келтирилган.

«Янги уюшмага аъзолик ихтиёрий экан, дейишга ҳам шошилманг. Чунки уюшма аъзолари учун қатор товарларни импорт қилишда божхона божлари бекор қилиниши кўзда тутилган. Бу уюшмага аъзоликни ихтиёрийликдан мажбурийлика ўтказади ва, табиийки, аъзо бўлмаган бизнес субъектлар учун нотенглик яратади, рақобат муҳитини бузади. Шунингдек, уюшма киритган маълумотлар асосида Ҳукумат ёғ-мой маҳсулотлари экспортига вақтинчалик муддатли чекловлар жорий қилиши ҳам мумкин бўлади», — дея огоҳлантирди у.

Унинг фикрича, агар уюшма ташкил этилса, у маъмурий ресурслар ва функцияларни олади ва «классик вазирлик»ка айланади.

Мутахассис ҳужжат янги тўсиқ ва чекловлар келтириб чиқаради, уни амалга ошириш эса бюрократия ва коррупциянинг кучайишига олиб келади, деб ҳисоблайди ва бундай қарор қабул қилинишига қарши чиқди.