Давлат хавфсизлик хизмати ва Ички ишлар вазирлиги томонидан ўтказилган тезкор тадбирларда фуқароларни Ҳаж ва Умра зиёратига ноқонуний юбориш билан боғлиқ ҳолатлар аниқланди, деб хабар бермоқда ДХХ матбуот хизмати.

Хусусан, Андижон вилоятида яшовчи шахс маҳаллий фуқаронинг ишончига кириб, унинг ота-онасини Намангандаги сайёҳлик фирмаларидан бири орқали Ҳаж зиёратига юбориш эвазига 20 минг доллар олган вақтида ушланди. Бошқа ҳолатда эса Наманган шаҳридаги туристик фирма ходими 2 нафар фуқарони Ҳаж зиёратига юбориш учун 15 минг доллар талаб қилиб, 10 минг доллар олган вақтида қўлга олинди.

Шунингдек, Гурлан туманида яшовчи шахс 3 нафар фуқарони Тошкентда фаолият юритувчи, лекин лицензияга эга бўлмаган туристик фирма орқали Умра зиёратига юбориш учун 3450 доллар олган вақтида ушланган.

Фарғона шаҳрида Тошлоқ туманида яшовчи шахс ваколатга эга бўлмаган ҳолда 2 нафар фуқарони Умра зиёратига жўнатиш учун 2400 доллар олган. Қува туманида эса бошқа бир шахс Telegram орқали ўзини зиёрат ташкил этувчи сифатида кўрсатиб, 2 нафар фуқарони жўнатиш учун 3100 доллар талаб қилган ва 1800 доллар олган вақтда қўлга олинган.

Барча ҳолатлар бўйича Жиноят кодексининг 25, 168-моддаси (Фирибгарлик қилишга уриниш) билан иш қўзғатилиб, тергов ҳаракатлари бошланган.