Мудофаа саноати агентлиги Ўзбекистон номидан Абу Дабида бўлиб ўтаётган IDEX-2025 халқаро мудофаа технологиялари кўргазмасида иштирок этмоқда, деб хабар бермоқда Мудофаа вазирлиги матбуот хизмати.
Ҳар икки йилда ўтказиладиган, бу йил 17−21 февраль кунларига тўғри келган кўргазмада Ўзбекистон ҳарбий саноат корхоналари томонидан ишлаб чиқилган ҳарбий техникалар, жумладан, дронлар ва электрон уруш тизимлари, шунингдек, икки хил мақсадга мўлжалланган маҳсулотлар намойиш этилмоқда.
Хусусан, Ўзбекистон учун ажратилган павильонлардан «Арслон» 8×8 ва 6×6 зирҳли транспорт воситалари, шунингдек, юк машинаси шассисига ўрнатилган «Тўфон» ўзиюрар гаубицаси ҳам ўрин олди.
Беш кунлик тадбир доирасида илғор ҳарбий технологиялар, стратегик шериклик, саноат инновацияларини намойиши, киберхавфсизлик ҳамда сунъий интеллект ва хавфсизликнинг келажагини белгилайдиган йирик шартномалар имзоланиши кўзда тутилган.