Шавкат Мирзиёев Кувайтга ташрифи доирасида ўзи учун ажратилган қароргоҳда 17 февраль куни ушбу мамлакат бош вазири вазифасини бажарувчи, ички ишлар вазири Шайх Фаҳд ас-Сабоҳ бошчилигидаги делегацияни қабул қилди.
Президент матбуот хизмати хабарига кўра, учрашувда Кувайт томонидан молия ва инвестициялар вазири Нура Сулаймон ал-Фассам, савдо ва саноат вазири Халифа Абдулла ал-Аскар ҳамда Инвестиция агентлиги директори Шайх Сауд ас-Сабоҳ ҳам иштирок этган.
Томонлар олий даражадаги музокаралар якунида эришилган келишувларни амалга ошириш масалаларини кўриб чиқди. Таъкидланишича, давлат раҳбарларининг учрашуви икки давлат муносабатларини кенг қамровли шериклик даражасига олиб чиққан.
«Марказий Осиё — Кўрфаз араб давлатлари ҳамкорлик кенгаши» саммитида иштирок этиш учун Кувайт амирининг Ўзбекистонга бўлажак ташрифига биргаликда тайёргарлик кўриш муҳимлиги қайд этилди.
Савдо-иқтисодий ва инвестициявий алоқаларни ривожлантириш устувор вазифа сифатида белгиланди.
Шу нуқтаи назардан, қўшма инвестиция платформаси ва ишбилармонлар кенгашини ташкил этиш, шунингдек, қишлоқ хўжалиги, логистика ва транспорт, гидроэнергетика, инфратузилма, соғлиқни сақлаш, фармацевтика ва бошқа тармоқлардаги лойиҳаларни қўллаб-қувватлаш ва илгари суриш муҳимлиги қайд этилди.
«Йўл харитаси»га киритилган кооперация дастурлари ва лойиҳаларини илгари суриш мақсадида фаол мулоқотлар ва ўзаро ташрифларни ташкил этишга келишиб олинди.
Бундан ташқари, президент мамлакат ташқи ишлар вазири Абдулла ал-Яҳё билан ҳам учрашув ўтказди ва фаол сиёсий мулоқотни давом эттириш, савдо-иқтисодий ва инвестиция-молиявий ҳамкорликни кенгайтириш масалаларини кўриб чиқди.
Ташқи сиёсий идоралар ўртасида мунтазам маслаҳатлашувларни ташкил этиш ва Самарқанд шаҳрида ўтадиган «Марказий Осиё — Кўрфаз араб давлатлари ҳамкорлик кенгаши» саммитига биргаликда тайёргарлик кўриш муҳимлиги таъкидланди.
Ташриф доирасида Кувайт араб иқтисодий тараққиёт жамғармаси билан янги ҳамкорлик дастури имзолангани юқори баҳоланди.
Озиқ-овқат хавфсизлиги, саноат кооперацияси, инфратузилма, туризм ва бошқа йўналишларда лойиҳаларни илгари суриш ҳамда мамлакатлар ўртасида тўғридан-тўғри авиақатновларни йўлга қўйишга алоҳида эътибор қаратилди.