Шавкат Мирзиёев душанба куни Кувайтга ташрифининг ишбилармонлик дастури доирасида мамлакатнинг бир қатор етакчи компаниялари ва банк-молия тузилмалари раҳбарлари билан учрашувлар ўтказди.

Хусусан, Ал-Кувайт шаҳрида Ўзбекистон раҳбари Agility Logistics компанияси раиси Хенади ал-Солиҳ билан мулоқот қилди. Учрашувда Кўрфаз мамлакатларига қишлоқ хўжалиги маҳсулотларини самарали етказиб бериш учун Ўзбекистонда қўшма логистика марказини ташкил этиш бўйича истиқболли лойиҳага алоҳида эътибор қаратилди.

1979 йилда ташкил этилган трансмиллий логистика компанияси соҳада дунёнинг йирик корхоналаридан бўлиб, 70 дан ортиқ мамлакатда фаолият юритади. Agility Logistics авиация хизматлари, саноат омборлари, логистика парклари, хизматларни рақамлаштириш каби йўналишларда иш олиб бормоқда.

Шунингдек, президент Fouad Alghanim & Sons компанияси раҳбари Фади Хаддадни қабул қилди. Давлат раҳбари компаниянинг давлат-хусусий шериклик шартлари асосида соғлиқни сақлаш ва таълим объектларини қуриш режалари қўллаб-қувватлади.

логистика маркази

1965 йилда ташкил этилган холдинг автомобилсозлик, қурилиш, энергетика, нефть-газ, савдо, кема қурилиши, авиация, телекоммуникация, туризм ва кўчмас мулк соҳаларида фаолият юритади.

Расмий ташриф доирасида Шавкат Мирзиёев Action Group Holdings раҳбари Шайх Муборак ас-Сабоҳ билан ҳам учрашув ўтказди. Президент компаниянинг Ўзбекистонда гидроэлектр станциялари ва ижтимоий уй-жойлар қуриш, минерал ресурсларни қайта ишлаш бўйича режаларини маъқуллади.

логистика маркази

1998 йилда ташкил этилган холдинг фаолияти кўчмас мулк, нефть саноати, ахборот технологиялари, логистика, қурилиш, таълим, консалтинг ва савдо соҳаларини қамраб олади.

Бундан ташқари, Мирзиёев Kamco Invest компанияси раҳбари Абдуллоҳ ал-Шарих билан хусусий компанияларнинг корпоратив фаолияти самарадорлигини ошириш лойиҳасини амалга ошириш ҳамда қўшма инвестиция платформасини яратиш бўйича келишувга эришди.

логистика маркази

1998 йилда ташкил этилган компания молиявий компанияси активларни бошқариш, инвестицион банкинг ва брокерлик соҳасида хизматлар кўрсатади. БАА, Саудия Арабистони, Иордания ва Буюк Британияда ваколатхоналари мавжуд.

Давлат раҳбари Al Imtiaz Investment Group компанияси бошқаруви аъзоси ва ижрочи директори Фузи Холид бин Эссанинг Ўзбекистонда озиқ-овқат етиштириш, фармацевтика маҳсулотларини ишлаб чиқаришни ташкил этиш, шунингдек, кўчмас мулк объектларини қуриш бўйича ташаббуси қўллаб-қувватлади.

Al Imtiaz Investment Group 2005 йилда ташкил этилган бўлиб, активларни бошқариш, кўчмас мулк, соғлиқни сақлаш, саноат ва молия соҳаларига сармоя киритишга ихтисослашган.

Мирзиёев ўзига ажратилган қароргоҳда Kuwait Investment Company компанияси бош ижрочи директори Фавоз ал-Аҳмадни қабул қилди. Мулоқотда таълим, инфратузилма, агросаноат, сунъий интеллект технологияларини жорий қилиш соҳаларида қўшма лойиҳаларни амалга ошириш қўллаб-қувватланди.

Асосий акциядори Кувайт инвестиция агентлиги бўлган компания 1961 йилда ташкил этилган. Активларни бошқариш, инвестицион банкинг, хусусий бизнес лойиҳаларини қўллаб-қувватлаш билан шуғулланади.

Президент Gulf Care General Trading компанияси раҳбари доктор Ияд ас-Солиҳ билан эса Ўзбекистон ҳудудларида тиббий хизмат кўрсатиш ва фармацевтика маҳсулотларини ишлаб чиқариш лойиҳаларини амалга ошириш борасидаги режалари қўллаб-қувватлади.

2001 йилда ташкил этилган компания Кўрфаз минтақасида тиббий ускуналарнинг энг йирик етказиб берувчиларидан бири бўлиб, Кувайтдаги хусусий тиббиёт муассасаларининг кенг тармоғи эгасидир.