15 февраль куни ИИВ Жазони ижро этиш департаментининг Олмалиқ шаҳридаги 14-сонли жазони ижро этиш колониясидан 21 ёшли маҳкум Муҳаммадқодир Пўлатовнинг жасади чиқди. Бу ҳақда Инсон ҳуқуқлари бўйича «Эзгулик» жамияти раҳбари Абдураҳмон Ташанов Facebook саҳифасида маълум қилди.
«Газета.uz» мухбири Миролим Исажонов тармоқларда кенг муҳокама қилинаётган мазкур ҳолат бўйича марҳумнинг онаси Нигора Қамбарова билан суҳбатлашди.
Нигора Қамбарованинг айтишича, тўрт қиздан кейин туғилган ягона ўғил фарзанди Муҳаммадқодир Пўлатов 2024 йилнинг август ойида Фарғона шаҳридаги савдо дўконларининг бирида безорилик ҳолатига аралашиб қолган. Тергов жараёнлари тўрт ой давом этгач, декабрь бошида ўғли уч йил муддатга озодликдан маҳрум этилган.
«Дўконга етказилган барча зарарни қопладик. Дўкон эгаси ва воқеа гувоҳлари даъвоим йўқ, деган бўлса-да, лекин давлат даъвогар бўлди ва ўғлим уч йилга қамалди. Декабрь бошида Тошкентга олиб кетишди. 10−15 кунлик карантиндан сўнг Олмалиқдаги 14-сонли колонияга жойлашди. Шу йилнинг 26 январь куни ўғлимнинг туғилгани кунини бирга нишонладик. 24−26 январь кунлари узоқ муддатли учрашувда бўлдик, уч кун фарзандим билан бирга колония ҳудудидаги меҳмонхонада жуда чиройли яшадик. Ўша вақтда ўғлим соғлиғидан умуман шикоят қилгани йўқ. 9 ёшидан бери спорт билан шуғуллангани учун ҳар доим соғлом юрарди, касал бўлганини умуман эслолмайман. „Ёз охирларида озодликка чиқсам, тўйим бўлади. Унгача келин топиб туринг, ҳаммаси яхши бўлади“, деган эди. Бу ўғлим билан сўнгги учрашув ва суҳбатимиз бўлди. Ўшандан бери қўнғироқ орқали ҳам гаплашганимиз йўқ», — дейди марҳумнинг онаси.
Онанинг сўзларига кўра, Муҳаммадқодир Пўлатов вафоти ҳақидаги хабар оила аъзоларига 15 февраль куни эрталаб соат 07:00 ларда телефон орқали маълум қилинган.
«Ўғлим 14 февраль куни касал бўлган экан. Жума куни кечаси жони узилган, дейишди. Эрталаб ўрнидан турганида кўнгли айниб, қусган ва уни реанимацияга олиб боришган экан. Наҳотки фарзандим жонлантириш столига ётқизилган пайтда биз, яқинларига хабар бериш мумкин бўлмаса? Экспертизага олиб бориб, жасадини ёриб, ҳамма жойини чоклаб, моргга топширишганидан сўнг бизни хабардор қилишди. Шу ҳолатнинг ўзиёқ менда шубҳа уйғотяпти», — дея қўшимча қилди у.
«Фарғонадан тўғри Тошкентдаги моргга бордик. Ўғлимнинг жасадини тайёр қилиб, ўраб қўйишган экан. Ўша ерда бир ички ишлар ходимини кўрдим. У ўзини колония раҳбарининг ўринбосари Баҳром деб таништирди. Айтишича, фарзандим эрталаб ўрнидан туриб қусган, кейин шифохонага олиб боришган. „Шахсий машинамда шифохонага олиб бордим, дори-дармонларини қилиб бердим, қўлимдан келган ҳамма нарсани қилдим. Лекин тунги соат 12 ларда ўғлингизни жони узилди“, деб барибир ўзини оқлади ички ишлар ходими», — дейди Нигора Қамбарова.
Онанинг таъкидлашича, колония маъмурияти унга фарзанди миокрад инфарки ва панкреатитнинг оғир формаси кузатилиши оқибатида вафот этганини айтган.
«Ўғлим соппа-соғ эди. У қандай қилиб ўз-ўзидан ўлиб қолиши мумкин? Кичкиналигидан спортга борарди. Кикбоксинг, бокс, таэквондо ва аралаш жанг санъати билан шуғулланган. Кўплаб халқаро турнирлар ғолиби бўлган. Ўнлаб медаллари бор эди. Бирор марта соғлиғидан шикоят қилмаган, унда бирор ёндош касалликлар ҳам кузатилмаган», — дейди у.
«Фарзандим ўзидан ўзи шунчаки ўлиб қолиши мумкин эмас. Ички ишлар ходими айтганидек, ўғлим колонияда заҳарланиб, қусган бўлса, унга қандайдир заҳарли дори ичиришган, деган шубҳадаман. Ёки уни қийнаб ўлдиришган. Чунки баданида қийноқ излари, электрошокер изига ўхшаш чизиқлар ва кўкарган жойлари бор эди. Ўғлим одам ўлдирмаган бўлса, қўлида қурол билан кимгадир жароҳат етказмаган бўлса… 21 ёш — ҳазилакам гап эмас, уни бу ёшгача катта қилиш осон бўлган деб ўйлайсизми?», — дейди Нигора опа.
У ўғлининг ўлими тафсилотларини аниқлаш масаласида «охиригача бормоқчи» эканлигини маълум қилди. «Бошқа оналарнинг фарзандлари ҳам ички ишлар ходимларининг қўлида ўлиб кетишини истамайман. Адолат қарор топишига ишонаман», — дея қўшимча қилди Нигора Қамбарова.
«Газета.uz» мухбири ушбу ҳолат юзасидан изоҳ олиш учун Ички ишлар вазирлиги матбуот котиби Шоҳруҳ Ғиёсов билан боғланди. Ғиёсов ИИВ бу борада маълумот бера олмаслигини, мазкур масалада Бош прокуратура ахборот хизмати расмий муносабат беришини айтди. Бош прокуратура матбуот котиби Ҳаёт Шамсутдинов ҳолат ўрганилаётганини маълум қилди.
Омбудсман муносабати
Маълум қилинишича, мазкур ҳолат Олий Мажлиснинг Инсон ҳуқуқлари бўйича вакили (омбудсман) томонидан назоратга олинган ва айни вақтда ҳолатга доир маълумотлар ўрганилмоқда.
Омбудсман матбуот хизматининг 14-сонли жазони ижро этиш колонияси навбатчилик қисми томонидан берилган маълумотларга таяниб маълум қилишича, «14 февраль куни соат 22:45 да жазо муддатини ўтаётган маҳкум соғлиғида ўзгариш сезгани сабабли колония шифокорларига мурожаат қилган».
«Биринчи тиббий ёрдам кўрсатилганидан сўнг ҳам унинг ҳолати яхшиланмагани сабабли, у Олмалиқ шаҳри марказий шифохонасига ётқизилган. Бироқ кўрсатилган тиббий муолажаларга қарамай, маҳкум 15 февраль куни соат 01:00 да шифохонада гипертония ва бирламчи юрак етишмовчилиги оқибатида вафот этган», — дейилади омбудсман ахборотида.
Таъкидланишича, мазкур ҳолат омбудсман ходимлари ва Тошкент вилоятидаги минтақавий вакили томонидан жойига чиқиб ўрганилмоқда. Шунингдек, омбудсманнинг Фарғона вилоятидаги минтақавий вакили марҳумнинг оила аъзолари билан учрашиб, таъзия билдирган.
Ҳолат юзасидан Бош прокуратурага омбудсман томонидан мурожаат ҳам юборилган.
Бош прокуратура изоҳи
Ўзбекистон Бош прокуратураси маҳкум Олмалиқ шаҳар тиббиёт бирлашмасининг жонлантириш бўлимида вафот этганини маълум қилди.
Мазкур ҳолат юзасидан Олмалиқ шаҳар прокуратураси томонидан воқеа жойи ва мурда кўздан кечирилиб, мутасадди ходимлар ва шифокорлардан тушунтиришлар олинган. Ўлим сабабини аниқлаш учун суд-тиббий экспертизаси тайинланди.
Экспертизанинг дастлабки маълумотларига кўра, ўлимга юрак ишемик касаллигининг ўткир шакли, юрак мушакларида қон кетиши («миокард инфаркти») сабаб бўлган.
Қайд этилишича, Тошкент шаҳар махсус прокуратураси томонидан терговга қадар текширув ҳаракатлари олиб борилмоқда.