Тошкент шаҳри ҳокимлиги пойтахтдаги бозорлар ва савдо комплексларида бир марталик йиғимлар (патта) миқдори оширилгани юзасидан изоҳ берди.

Ҳокимлик берган маълумотларга кўра, Тошкент шаҳридаги 19 та бозор ва савдо комплексларининг жами харажатлари:

  • 2022 йилда 256,3 млрд сўмни;
  • 2023 йилда 296 млрд сўмни;
  • 2024 йилда 314,1 млрд сўмни ташкил этган.

2025 йилда солиқ, коммунал тўловлар, иш ҳақи ошиши ҳамда таъмирлаш ва қуриш ишлари инобатга олиниб, харажатлар 383,5 млрд сўм миқдорида бўлиши режалаштирилган (2024 йилга нисбатан 22 фоизга кўп).

Ҳокимлик ўз изоҳида бир бозор мисолида харажатларнинг ўсиб боришини кўрсатган. Айтилишича, Эски Жува деҳқон бозорининг ер солиғи 2024 йилга нисбатан 64 фоизга (5,954 млрд сўм), коммунал тўловлари 17 фоизга (4,254 млрд сўм) ошаётгани, бундан ташқари, 5,9 млрд сўмга бозордаги расталарни қайта қуриш ишлари амалга оширилиши инобатга олиниб, 2025 йил учун харажатлар 28,6 млрд сўм бўлиши (+156 фоиз) режалаштирилган.

Қайд этилишича, белгиланган патта пуллари аҳолига сифатли хизмат кўрсатиш имкониятларини замонавий даражага олиб чиқиш учун бўлиб, уларнинг бозорлар ва савдо комплекслари умумий тушумидаги улуши 15 фоизга ҳам етмайди.

«Патта йиғимларини ошириш орқали бозорларни сақлаш (тозалаш, ёритиш, ободонлаштириш, павильонлар том қисмини (шифер, профнастил) таъмирлаш ёки янгисига алмаштириш, расталарни таъмирлаш ёки янги қуриш, йўлакларни асфальт ёки брусчатка қилиш, панжараларни бўяш, коммуникация тармоқларини сақлаб туриш) ҳамда сотувчи ва харидорларга қўшимча қулайликлар яратиш ишларини амалга ошириш, солиқларни, коммунал тўловларни ва 1 600 дан ортиқ ишчи ходимларга ойлик маошларини ўз вақтида тўлаш режа қилиб олинган», — дейилади изоҳда.

Маълумот ўрнида, қонунчиликка асосан бир марталик йиғимлар, ижара тўловлари ва кўрсатиладиган хизматлар қиймати миқдорлари ҳар йили тасдиқланиши белгиланган. Аввалроқ Тошкент шаҳар ҳокимининг 2025 йил 14 февралдаги қарори билан 2025 йил учун бозор маъмурияти томонидан ундириладиган бозор йиғими миқдори тасдиқланганди.

Унга мувофиқ, патта пули сабзавот маҳсулотлари ҳамда нон ва нон маҳсулотлари йўналишида 10 фоизга, уй буюмлари, кийим-кечаклар ва уй паррандалари каби йўналишларда 17−20 фоизгача, цитрус, тропик ва қуруқ мевалар, консерва, салқин ичимликлар, гуллар, автомобиллар учун эҳтиёт қисмлар каби йўналишларда 21−25 фоизгача, асал маҳсулотлари каби йўналишларда 26−29 фоизгача оширилган.