Шавкат Мирзиёев 14 февраль куни «Ёшлар тадбиркорлигини ривожлантириш ва бандлигини таъминлашга доир қўшимча чора-тадбирлар тўғрисида»ги қарорни имзолади.
Қарорга кўра, 2025−2027 йилларда назарда тутувчи «Ёшлар бизнеси» дастури амалга оширилади. Дастур доирасида 350 мингта ёшни қамраб олинади, шу жумладан, 18 ёшга тўлган ва 30 ёшдан ошмаган шахслар учун камида 100 мингта қўшимча иш ўринлари яратилади.
Ёш тадбиркорларга комплекс хизматлар кўрсатилади, уларнинг фаолиятини молиявий қўллаб-қувватлаш борасида АТ «Алоқабанк» таянч «ёшлар банки» этиб белгиланади.
Ҳужжат билан замонавий тадбиркорлик кўникмаларини шакллантириш учун ёшларнинг стартап ва инвестиция лойиҳаларига имтиёзли молиявий маблағлар ажратилади.
Иқтисодиёт тармоқлари ва соҳаларидаги, шу жумладан, рақамли технологиялар татбиқ этилган инновацион лойиҳалар ҳамда ижтимоий тадбиркорлик йўналишидаги қўллаб-қувватлаш чоралари жорий этилади.
«Бизнесга биринчи қадам» лойиҳасига мувофиқ 18 ёшга тўлган ва 30 ёшдан ошмаган ижтимоий солиқ тўлаган ўзини ўзи банд қилган жисмоний шахсларга онлайн шаклда имтиёзли давр билан 7 йилгача муддатга 100 млн сўмгача имтиёзли микроқарз сифатида ажратилади.
«Ёшлар учун иш ўринлари» лойиҳаси асосида ЯТТ сифатида фаолият юритувчи ёш фуқароларга, шунингдек, таъсисчилари ёш фуқаролар бўлган юридик шахс ташкил этган ҳолда фаолият юритувчи кичик тадбиркорларнинг камида 20 та иш ўрни яратишни назарда тутувчи лойиҳаларига имтиёзли давр билан 7 йилгача муддатга 5 млрд сўмгача маблағлар ажратилади.
«Инновацион ёшлар» лойиҳаси бўйича венчур жамғармалари орқали ёшлар қўллаб-қувватланади. Қарорга кўра, унда назарда тутилган қўллаб-қувватлаш инструментларидан фойдаланган тадбиркорларнинг ҳисобварақларига бепул хизмат кўрсатилади. 2025 йил 1 апрелгача «Ёш тадбиркорлар» рақамли платформаси жорий этилади.
Қуйидагилар амалга оширилади:
- 2025 йил 1 мартгача АТ «Алоқабанк»нинг ҳудудларда ёшларнинг инновацион ғояларини қўллаб-қувватлаш, илмий тадқиқотлар ва технологик ишланмаларни тижоратлаштиришга ҳамда молиялаштиришга кўмаклашиш («Стартаплар») лойиҳаси республиканинг барча ҳудудларида амалга оширилади ва лойиҳанинг ҳудудлардаги бўлинмалари малакали кадрлар билан тўлдирилади;
- 2025 йил 1 апрелдан ҳар ойда 1 та ҳудудда «инвестор кун»лари ташкил этилади ҳамда ҳудуддаги ОТМлар билан ҳамкорлик дастурлари йўлга қўйилади.
Шунингдек, 2025 йил якунигача:
- акселерация ва инкубация дастурларини муваффақиятли якунлаган стартаплар сони 200 тага етказилади;
- ҳудудларда «Ёшлар бизнес-инкубатори» марказлари ташкил қилиниб, тадбиркорлик фаолиятини янгидан бошлаган ёшларни ҳар томонлама қўллаб-қувватлаш ҳамда муваффақиятли тадбиркор даражасигача ривожланишлари учун қўшимча шароитлар яратилади, жумладан уларга тайёр офислар ижарага берилади, бухгалтерия, маркетинг, экспорт бозорларига чиқиш билан боғлиқ комплекс хизматлар кўрсатилади.
Эслатиб ўтамиз, Шавкат Мирзиёев 14 февраль куни Кўксарой қароргоҳида ёшлар билан ишлаш натижадорлигини янада ошириш, уларга кенг имкониятлар яратиш чора-тадбирларини муҳокама қилганди. Учрашувда «Алоқабанк» ёшларнинг бизнес лойиҳаларини қўллаб-қувватловчи таянч «ёшлар банки»га айлантирилиши маълум қилинган.
«Алоқабанк» кредитларининг камида 30 фоизи хотин-қизлар тадбиркорлиги учун йўналтирилади. Ҳудудларда «ёшлар бизнес инкубатори» ташкил қилиниб, ёшлар ғоялари стартапга айлантирилади. Улар 6 ойдан 3 йилгача қўллаб-қувватланиб, тайёр бизнес, корхона даражасига олиб чиқилади, дейилади хабарда.
«Алоқа венчур» жамғармаси орқали стартапларга 50 мингдан 1 млн долларгача сармоя киритилади. Маҳсулот ва хизматларни ички ва халқаро бозорларда сотиш, бизнес ҳамкор топиш, қўшимча инвестициялар жалб қилишга кўмаклашилади.
Эслатиб ўтамиз, Шавкат Мирзиёев 14 февраль куни Кўксарой қароргоҳида ёшлар билан ишлаш натижадорлигини янада ошириш, уларга кенг имкониятлар яратиш чора-тадбирларини муҳокама қилганди.