Шанба куни Тошкентнинг Амир Темур кўчасидаги пиёдалар ўтиш жойида содир бўлган даҳшатли ЙТҲда нафақат аёл, балки унинг вояга етмаган фарзандлари — 13 ёшли ўғил ва 16 ёшли қиз ҳам жабрланган. Душанба куни эрталаб пайдо бўлган бу маълумотни «Газета.uz»га пойтахт ИИББ ва 7-сонли шаҳар клиник шифохонаси тасдиқлади.

ЙҲХХ ва Соғлиқни сақлаш вазирлиги кун давомида бу маълумотни тасдиқламади ёки рад этмади.

Ўғил ўртача оғирликдаги тан жароҳати олган, она ва қизнинг аҳволи оғир ва реанимацияда, дея хабар беради шифохона.

«Газета.uz» тўқнашувни бир неча йўл ҳаракати қоидаларини бузган 19 ёшли ҳайдовчи содир этганини ёзганди. Бу шаҳарда ҳозиргача жуда кўп бўлган тартибга солинмаган пиёдалар ўтиш жойларидан бирида содир бўлди. ЙҲХБ сабаб сифатида инфратузилманинг ёмонлиги (светофор йўқлиги ва ҳайдовчиларни чалғитадиган янги йўл белгилари) ҳақида гапирмай, «ҳайдовчининг эътиборсизлиги»ни келтирди.

«Газета.uz»дан ташқари, шаҳарсозлик мутахассиси Бобур Сиражев ва урбанист Искандар Солиев ҳам ҳокимият ва ЙҲХБнинг ҳаракатсизлиги ҳақида танқидлар эълон қилди.

«ЙТҲ сабабларини тизимли таҳлил қилиш ўрнига айбни йўл ҳаракати қатнашчиларига юклаш (victim blaming) амалиёти давом этмоқда», — деди Бобур Сиражев.

У йўл ҳаракати тўғрисидаги қонун (илгари «Йўл ҳаракати хавфсизлиги тўғрисида» деб номланган) мазкур йўналишдаги қуйидаги асосий тамойилларни ўз ичига олганини эслатиб ўтди: тизимлилик, илмийлик, очиқлик ва шаффофлик, фуқароларнинг ҳаёти ва соғлиғини муҳофаза қилишнинг устуворлиги, маҳаллий аҳоли ва йўл ҳаракати қатнашчиларининг фикрларини инобатга олиш. ЙҲХХ томонидан кўрилган кўплаб чора-тадбирлар ушбу тамойилларни эътиборсиз қолдирмоқда.

«Шахсан мен муаммоларнинг битта ечимини кўрмоқдаман: лойиҳаларни ишлаб чиқиш хусусий секторларга топширилиши керак, хавфсизликни таъминлаш ва мавжуд инфратузилма ҳолатини мониторинг қилиш учун йўл ҳаракатини ташкиллаштириш лойиҳаларини (ЙҲТЛ) аудит функциялари йўл назорати, ММЭБ ва инспекциядан мустақил равишда алоҳида бўлимга ўтказилиши керак. Балки Вазирлар Маҳкамаси ёки прокуратурага бўйсунадиган бўлар. Акс ҳолда, воқеа содир бўлган жойга етиб келган конкрет участкага масъул инспектор ўз масъулияти остидаги ҳудудда йўл қўйилган тизимли хатоларни қайд этишни маъқул кўрмайди», — деди мутахассис.

Шунингдек, Искандар Солиев асосий муаммо «айрим қоидабузарларда эмас, балки ҳаракатни ташкил этишнинг ўзида» эканини айтди. Унинг сўзларига кўра, тезликни пасайтириш бўйича жисмоний чоралар, пиёдаларни ҳақиқатда ҳимоя қиладиган хавфсизлик оролчалари ва ҳамма учун жазо муқаррарлиги вазиятни яхшилашга ёрдам беради.

«Фақат ҳайдовчи ёки пиёдани айблашни бас қилиш вақти келди. Масъулият кўчаларимизни хавфли қилаётган ва йиллар давомида бутун дунёда ўз самарадорлигини исботлаган ечимларни жорий этмаётганларга юкланиши лозим», — деди у.

Тошкент шаҳри ЙҲХБ ва Ўзбекистон ЙҲХХ танқидий изоҳларга ҳозирча муносабат билдиргани йўқ.

Қонунни қўллаш масалалари

2023 йилда «Газета.uz» пиёдалар билан тўқнашувга оид ишлар бўйича суд қарорлари таҳлилини эълон қилганди. Ўша йилдаги тасодифий 50 та суд қарори танлаб олинганди. Маълум бўлгандики, ҳатто ўлимга олиб келадиган бахтсиз ҳодисаларда ҳам бирорта ҳайдовчига қамоқ жазоси берилмаган. Судлар жавобгарликни енгиллаштирувчи ҳолатларни ва томонларнинг ярашувини ҳисобга олганди (ишларнинг деярли ярмида).

Олий суд веб-сайтини ўрганиб чиққан таҳририят йил бошидан буён судлар томонидан Жиноят кодексининг 266-моддаси (Йўл ҳаракати ёки транспортдан фойдаланиш хавфсизлиги қоидаларини бузиш) бўйича 1098 та иш кўрилганини аниқлади.

527 та иш ёки ишларнинг 48 фоизи бўйича суд тарафларнинг ярашуви туфайли иш юритувини тугатган. Бу ишларнинг барчаси 266-модданинг 1-қисмига тегишли бўлиб, жабрланувчиларга ўртача оғир ёки оғир тан жароҳатлари етказилган. Максимал жазо — 3 йилгача ахлоқ тузатиш ишлари.

Судлар яраштириш тўғрисидаги ишларни кўришда оғирлаштирувчи ҳолатлар, жумладан, тезликни қасддан ошириш, одамларни пиёдалар ўтиш жойида ёки йўл четида уриб юбориш, тан жароҳатларининг оғирлиги, ҳатто ногиронлик ҳолати юзага келганини ҳисобга олмайди.