Тошкент шаҳри ИИББ ЙҲХБ Амир Темур кўчасидаги тартибга солинмаган пиёдалар ўтиш жойида содир бўлган авариядан сўнг ушбу кўчадан янги чизиқларни олиб ташлашни бошлади. Бу ҳақда ЙҲХХ матбуот хизмати маълум қилди. ЙТҲ оқибатида аёл ва унинг қизи оғир жароҳат олган, ўғли эса енгилроқ шикастланганди.
Пиёдалар ўтиш жойлари ва қайрилиб олиш жойлари олдидаги қатнов қисмини торайтирувчи чизиқлардан воз кечиш тўғрисидаги қарор ЙҲХХ томонидан қабул қилинди, дейилади хабарда.
ЙҲХХ вакили чизиқлар «халқаро тажриба ва экспертлар тавсиялари» асосида чизилганини таъкидлади. Пойтахт ЙҲХБ чизиқлар қўйиш бошланганда ҳам шу ҳақда маълум қилганди. У ерда қаторлар сони ўзгармаслигига ваъда берилганди.
«Газета.uz» аввалроқ ёзганидек, чизиқларни янгилаш белгилар ўрнатиш билан бирга олиб борилмаган. Ўнг томондаги қаторлар ўз вақтида қийшайтирилмай, эски чизиқлари сақлаб қолингани сабабли торайган жойларда зиддиятли вазиятлар юзага кела бошлади, охирги кунларда бир нечта ЙТҲ содир бўлди.
Пойтахт ҳокимлигининг «Газета.uz»га маълум қилишича, янги чизиқларни жорий этиш ташаббуси шаҳар маъмуриятига эмас, балки ЙҲХБга тегишли.
ЙҲХХ қарор бекор қилинишига «ижтимоий тармоқ фаоллари, жамоатчилик вакилларининг муҳокамалари» сабаб бўлганини маълум қилди. Шу билан бирга, авария оқибатида жабрланганлар борлиги ва ҳайдовчиларнинг норозилиги бунга асосий сабаб бўлгани аниқ (ҳайдовчиларнинг норозилиги илгари ҳам ҳокимият қарорларини ўзгартириш учун сабаб бўлган).
Агар янгилаш ишлари ўнг қаторлардан бошланиб, кейин кўча ўртасига «оролчалар» чизилганида, янги йўл белгилари кўчани хавфсизроқ қилиши мумкин эди (бу шаҳар ичидаги йўл). Қисқартирилган қатнов қисмини эса жисмоний тўсиқлар билан — бордюрлар бўлмаса ҳам, устунлар билан ўраб қўйиш керак эди.
ЙҲХХ ўз хабарида авария ҳақида гапирмаган ва йўл қўйилган камчиликларни тан олмаган.
Хизмат, шунингдек, иш тартиби ва йўл ҳаракати хавфсизлигини таъминлаш талабларини бузганлар жавобгарликка тортиладими ёки йўқми, бу ҳақда ҳам маълумот бермаган.
Видеомурожаатда Тошкентдаги пиёдалар учун энг хавфли кўчалардан бири бўлган ушбу кўчага светофорлар ўрнатилиши ёки ўрнатилмаслиги ҳақида ҳам маълумот берилмаган.
«Газета.uz» аввалги материалларида Амир Темур кўчасида ҳам, умуман, йўл ҳаракати хавфсизлиги соҳасида ҳам ҳаракатни ташкил этишдаги (қонунга зид) камчиликларни санаб ўтганди. ЙҲХХ бирор марта танқидга жавоб бермаган.
Агар «инсон қадри» ҳақиқатан ҳам муҳим бўлса, бу соҳа зудлик билан тубдан ислоҳ қилиниши керак!
Мамлакат раҳбарияти томонидан эълон қилинган пиёдалар ва яшаш учун қулай ҳамда хавфсиз шаҳарлар устуворлиги тамойиллари, йўл-транспорт ҳодисаларида ўлим ва жароҳатланишни кескин камайтириш, ўнлаб турли тузилмалар ўрнига йўл ҳаракатини ташкил этишнинг ягона марказини яратиш ва бошқа кўплаб режалар қоғозда қолмаслиги лозим.
«Газета.uz» ЙҲХХни муҳокамаларсиз қарор қабул қилишни тўхтатишга, танқиддан қочмасликка ва жаҳон амалиётида умумэътироф этилган хавфсиз кўчалар тамойилларини эътиборсиз қолдирмасликка, шунингдек, масъулиятни ўз зиммасига олишни ўрганишга чақиради.