Олий Мажлис Сенатининг тўртинчи ялпи мажлиси 20 февраль куни чақирилади, дея хабар бермоқда юқори палата матбуот хизмати.
Ялпи мажлисда фуқароларнинг виждон эркинлигини таъминлаш ва диний соҳадаги давлат сиёсати концепциясини тасдиқлаш тўғрисидаги қонун кўриб чиқилади. Концепция лойиҳаси 11 февраль куни Қонунчилик палатаси томонидан қабул қилинган, кейинроқ муҳокамалар асосида унинг 10 дан ортиқ бандига ўзгартиришлар киритилган.
Мажлис кун тартибидан, шунингдек, тадбиркорлик субъектларини молиявий қўллаб-қувватлаш, кредит ахбороти алмашинувини янада такомиллаштириш, солиқ маъмуриятчилиги, ер участкаларидан фойдаланиш, қурилиш тартиби, донорлик ҳаракатига доир ҳамда оила ва хотин-қизларни қўллаб-қувватлашга қаратилган қонунларни кўриб чиқиш белгиланган.
Сенаторлар, жумладан, тадбиркорлик субъектларини молиявий қўллаб-қувватлаш тизимини такомиллаштириш, кредит ахбороти алмашинувини тартибга солиш ва ер участкаларидан фойдаланишга оид қонунларни муҳокама қилади.
Бундан ташқари, муҳокамалардан суд, маҳкумларнинг жазо ўташдаги ҳуқуқлари, чиқиндиларни тўплаш ва олиб чиқиш хизматларини кўрсатиш соҳаси билан боғлиқ қонунлар ҳам ўрин олган.
Тўртинчи ялпи мажлисда бир қатор халқаро ҳужжатларни ратификация қилиш ва уларга қўшилиш масалалари акс этган қонунлар ҳам кўриб чиқилади. Шу билан бирга, Самарқанд вилоятининг Самарқанд шаҳри, Самарқанд ва Оқдарё туманлари чегараларини ўзгартириш тўғрисидаги масала ҳам кўриб чиқилади.