Шавкат Мирзиёев 18 февраль куни шаҳарсозлик соҳасидаги халқаро тадбирларда иштирок этиш учун Ўзбекистонга келган Туркий давлатлар ташкилоти оқсоқоллар кенгаши раиси, таниқли сиёсатчи, Туркиянинг собиқ бош вазири Бинали Йилдиримни қабул қилди. Бу ҳақда президент матбуот хизмати хабар берди.
Учрашув аввалида меҳмон давлат раҳбарига Туркия президенти Ражаб Тоййиб Эрдоғаннинг саломини етказди.
Томонлар кўп қиррали ҳамкорликни мувофиқлаштириш ва илгари суришда оқсоқоллар кенгашининг роли ва фаол иштироки ортиб бораётганини ҳисобга олиб, ташкилот доирасидаги кўп қиррали ҳамкорликни кенгайтириш масалалари кўриб чиқилди.
Туркий давлатлар ташкилоти саммитлари якунида қабул қилинган дастур ва ташаббусларни амалга ошириш мақсадида амалий шерикликни кенгайтириш ва алоқаларни фаоллаштириш муҳим экани таъкидланди.
ТДТ доирасидаги бўлажак тадбирларга тайёргарлик кўриш ва уларни ўтказиш масалалари кўриб чиқилди.
Таъкидлаш жоизки, оқсоқоллар кенгаши ТДТ ҳузуридаги доимий маслаҳат органи ҳисобланади.
Туркий дунё шаҳарсозлик конгресси 2002 йилда Анқара шаҳрида ташкил этилган Муҳандис ва меъморлар уюшмаси томонидан ўтказилади. Уюшма фаолиятида Самарқанд ва Навоий шаҳарлари ҳокимликлари фаол иштирок этмоқда.
Аввалроқ Озарбайжондаги бизнес форумида ТДТ доирасида ташкил этилган Туркий инвестиция жамғармасининг капитали 600 млн долларга оширилиши хабар қилинганди. Бу ҳудудда кичик ва ўрта бизнесни, шунингдек, инфратузилма ва савдо лойиҳаларини молиялаштиришни кенгайтиришга қаратилган.