Тошкент вилоятидаги Товоқсой қамоқхонаси — 7-сон жазони ижро этиш колониясида маҳкумни девор босиб қолди. Бу ҳақда Бош прокуратура ахборот хизмати хабар берди.

Маълум қилинишича, 1983 йилда туғилган фуқаро Мустафа Турсинбаев (маҳкум) 11 февраль куни бир қаватли бинонинг деворларини бузаётган вақтида устига девор қулаган. У дарҳол шифохонага етказилган.

Бироқ шифокорлар томонидан кўрсатилган тиббий муолажаларга қарамасдан маҳкум 16 февраль куни (орадан 5 кун ўтиб) шифохонада вафот этган.

Мазкур ҳолат бўйича Жиноят кодексининг 257-моддаси (Меҳнатни муҳофаза қилиш қоидаларини бузиш / муайян ҳуқуқдан маҳрум қилиб, икки йилдан беш йилгача озодликни чеклаш ёхуд беш йилгача озодликдан маҳрум қилиш билан жазоланади.) билан жиноят иши қўзғатилган.

Ҳозирда Тошкент махсус прокуратураси томонидан тергов ҳаракатлари олиб борилмоқда.

Аввалроқ Олмалиқдаги колонияда 21 ёшли маҳбус Муҳаммадқодир Пўлатов вафот этгани ҳақида хабар берилганди. «Ўғлимни ё заҳарлашган, ё қийнаб ўлдиришган, деган шубҳадаман. Чунки баданида қийноқ ва электрошокер изларига ўхшаш чизиқлар бор эди», — дея маълум қилган йигитнинг онаси «Газета.uz»га. Омбудсман идораси вазиятни ўрганаётганини билдирди. ИИВ эса бу хабар юзасидан ҳеч қандай изоҳ бермади.