Фарғона вилояти Қўқон шаҳрида бир неча ўн йиллик чинор дарахтига қасддан шикаст етказилгани аниқланди, дея хабар берди вилоят Экология бошқармаси.
Қайд этилишича, шаҳарнинг Зилол маҳалласи Ҳуқандий мавзесида икки нафар номаълум шахс ҳеч қандай рухсатномасиз чинор дарахтини тагидан ярим қисмига қадар арралаб кетган. Оқибатда ўсимлик дунёсига 117 млн сўм зарар етказилган.
Бош прокуратура хабарига кўра, улар дарахтни йўқ қилишга уриниш давомида экология ва ички ишлар органлари ходимларига қаршилик кўрсатган ва уларни ҳақоратлаган.
Ҳолат юзасидан Жиноят кодексининг 198-моддаси (Экинзорларни, ўрмонларни, дарахтларни ёки бошқа ўсимликларни шикастлантириш ёхуд нобуд қилиш) ва бошқа моддалари бўйича жиноят иши қўзғатилган.
2025 йилнинг ўтган даврида 848 туп дарахт ноқонуний кесилди
2020 йилда давлат ўрмон фондига кирмайдиган дарахтлар ва буталар қимматбаҳо навларининг кесилишига эълон қилинган мораторий 2022 йилдан муддатсиз даврга узайтирилганди. Жарималар беш бараварга, табиатга етказилган зарар миқдори эса икки бараварга оширилди. Қолаверса, дарахтларни ҳар қандай ҳолатда кесиш ёки йўқ қилиш тўғрисида ҳукумат фармойишлари ва ҳокимлар қарорларини қабул қилиш тақиқланди.
Бош прокуратура республикада эълон қилинган мораторий ҳозир ҳам амалда экани ва дарахтларни нобуд қилиш ёки шикастлаш учун жиноий жавобгарликкача бўлган жазо чоралари белгиланганини эслатиб ўтди.
«Экологик маданиятнинг ошиши ва аҳолининг яшил муҳитни асрашга бўлган масъулияти кучайиши туфайли мамлакатимизда ноқонуний дарахт кесиш ҳолатлари тубдан камайди. Жумладан, мораторий жорий этилгунга қадар бўлган даврга нисбатан бу каби қонунбузарликлар 60 фоизга камайган. Бу эса фуқароларнинг фаоллиги ва жамоатчилик назоратининг кучайганини англатади», — дейилади хабарда.
Шу билан бирга, ноқонуний дарахт кесиш ҳолатлари бутунлай тўхтагани йўқ. 2025 йилнинг ўтган даврида республика бўйича 848 туп дарахт ноқонуний кесилиб, табиатга жиддий зиён етказилган. Ҳар бир ҳолатда айбдор шахсларга нисбатан қонунга мувофиқ жазо чоралари қўлланган.
«Фақат биргаликда ҳаракат қилсак, юртимизда мавжуд ҳар бир дарахтни асраб қолиб, гўзал яшил макон барпо этишимиз мумкин», — дея қайд этди Бош прокуратура.