Ижтимоий тармоқларда Когон-Бухоро автомобиль йўлида дарахтлар кесилаётгани ҳақидаги видеолавҳалар тарқалди.

Бухоро вилояти экология бошқармаси А-380 «Ғузор-Бухоро-Нукус-Бейнау» автойўлининг 218−228 км (20 км) қисмини реконструкция қилиш доирасида 1824 туп мевали ва манзарали дарахт кўчатларини қонун ҳужжатларида белгиланган тартибда бўш майдонларга кўчириб ўтқазиш ишлари олиб борилаётгани ҳақида хабар берди.

Бу жараён Вазирлар Маҳкамасининг 2022 йил 22 августдаги (ВМҚ-464) қарори билан тасдиқланган дарахтлар ва буталарни кесиш, кўчириб ўтқазиш ёки компенсациявий экиш тартибига мувофиқ амалга оширилмоқда, дейилади хабарда.

Бошқарма маълумотларига кўра, қурилаётган «Боқий Бухоро» сайёҳлик маркази ва «Янги Ўзбекистон» истироҳат боғига аллақачон 151 туп дарахт кўчириб ўтқазилган. Қолган дарахтларни кўчириш ишлари ҳам давом этмоқда.

«А-380 „Ғузор-Бухоро-Нукус-Бейнау“ йўлида реконструкция ишлари босқичма-босқич амалга оширилмоқда. Ушбу жараён давомида лойиҳа доирасига тушган барча дарахтлар экологик талаблар ва амалдаги қонунчиликка мувофиқ равишда янги жойларга кўчириб ўтқазилиши таъминланади», — дейилади хабарда.

Магистрал йўлни реконструкция қилиш учун дарахтларни кўчириш ҳақида 2023 йил июль ойида хабар қилинган эди. Ўшанда Бухоро вилоятида 31,3 минг туп дарахт ва бута кўчатларини кўчириш режалаштирилган. Сурхондарёда 111 километр автомобиль йўлини реконструкция қилиш учун яна 21,8 минг туп дарахт кўчирилиши режалаштирилган.

Ўша вақтда Экология вазирлиги бош вазир ўринбосари Жамшид Ходжаев томонидан имзоланган ҳукумат комиссиясининг 21 июлдаги 58-сонли йиғилиши баённомасида Экология вазирлигига бир ҳафта муддатда кўрсатилган дарахтларни атроф-муҳитга зарар етказмаган ҳолда кўчириш бўйича асослантирилган хулоса бериш ва комиссияга таклифлар киритиш топширилгани ҳақида хабар берганди.

Якунда Экология вазирлиги яшил майдонларни йўқ қилиш ёки шикастлаш оғир жиноят эканини эслатиб, салбий хулоса берган. Шунингдек, ташкилот республика бўйлаб кузатилаётган чанг ва қум бўронлари таъсирини камайтиришда дарахт ва буталар муҳим ўрин тутишини таъкидлаганди.

Вазирлик томонидан ҳокимликларга юборилган жавоблардан сўнг Бухоро вилоятидан қурилиш компанияси вакиллари вазирликда бўлиб, дарахт ва буталарга зарар етказмаган ҳолда лойиҳага киритилган ўзгартиришлар ҳақида маълумот берган.

Вазирлик эслатишича, вазир Азиз Абдуҳакимов ташаббуси билан бундай мурожаатларни кўриб чиқишнинг янги механизми — дарахтларни кесиш ёки кўчириб ўтқазиш масалалари бўйича жамоатчилик муҳокамаларини ташкил этиш жорий этилган. Уларда маҳаллий аҳоли, оммавий ахборот воситалари ва фаоллар иштирок этиши мумкин.

Дарахтларни кўчириш бўйича жамоатчилик муҳокамаси ўтказиш ҳақида ҳозирча маълумот йўқ.