Туркий давлатлар ташкилоти (ТДТ) давлатлари Туркий инвестиция жамғармасининг устав капиталини оширишга келишиб олди. Бу ҳақда Савдо-саноат палатаси матбуот хизмати хабар берди.
14 февраль куни Озарбайжонда Туркий инвестиция жамғармаси (TIF) ва Туркий савдо-саноат палаталари иттифоқи (TCCI) томонидан ташкил этилган ТДТ давлатларининг йирик бизнес форуми бўлиб ўтди.
Тадбир давомида жамғарманинг устав капиталини 20%, яъни 500 миллиондан 600 миллион долларга ошириш маълум қилинди. Озарбайжоннинг Report нашри хабарига кўра, капиталнинг ўсиши Венгриянинг жамғармага қўшилиши билан боғлиқ.
Жамғарма 2023 йилда ташкил этилиб, 2024 йилда фаолиятини бошлаган. Беш давлатнинг ҳар бири — Озарбайжон, Туркия, Қозоғистон, Қирғизистон ва Ўзбекистон 100 миллион доллар сармоя киритган. Жамғарманинг бош қароргоҳи Истанбулда жойлашган.
Фонд туркий минтақада инфратузилма, савдо ва тадбиркорлик лойиҳаларини молиялаштиришга қаратилган. Ушбу молиявий ўсиш минтақада микро, кичик ва ўрта бизнесни қўллаб-қувватлаш, савдо ва тадбиркорликни ривожлантиришга кенг имкониятлар яратади, дейилади хабарда.
Муҳокаманинг асосий мавзуси инвестициявий истиқболлар, иқтисодий алоқаларни мустаҳкамлаш ва минтақада бизнесни ривожлантириш масалалари бўлди.
Ўзбекистон 2025 йил май ойида Қорақалпоғистонда ТДТ мамлакатлари тадбиркор аёллари форумини ўтказиш ташаббусини илгари сурди, бу «минтақадаги иқтисодий ҳамкорликни ривожлантиришда яна бир қадам бўлади».