Президентлар Владимир Путин ва Дональд Трампнинг телефон орқали мулоқотидан кўп ўтмай, 18 февраль куни уч йил ичида илк бор Россия ва АҚШ ўртасидаги биринчи олий даражадаги мулоқот — Саудия Арабистонида ташкил этилган икки давлат делегациялари музокаралари бўлиб ўтди, деб ёзмоқда РБК.

Музокара қатнашчилари

Музокаралар 4,5 соат атрофида давом этди. Уларда Москвадан президент ёрдамчиси Юрий Ушаков, ташқи ишлар вазири Сергей Лавров, шунингдек, Россия тўғридан-тўғри инвестициялар жамғармаси раҳбари, иқтисодиёт соҳасига масъул бўлган Кирилл Дмитриев иштирок этди. Вашингтон томонидан музокараларда давлат котиби Марко Рубио, миллий хавфсизлик бўйича маслаҳатчи Майк Уолтц ва президентнинг Россия билан муносабатлар бўйича махсус вакили Стив Уиткофф қатнашди. Учрашувда Саудия Арабистони ташқи ишлар вазири Файсал бин Фарҳон Ол Сауд ва қиролнинг миллий хавфсизлик бўйича маслаҳатчиси Мусайд бин Муҳаммад ал-Айбан ҳам иштирок этди.

Биринчи навбатда, музокараларда икки томонлама муносабатларнинг «бутун мажмуасини тиклаш» ҳақида сўз боришига эътибор қаратилди. Бошқа мавзулар қаторида эса Украинадаги можарони ҳал қилиш бўйича «мумкин бўлган музокараларга тайёргарлик кўриш» ва Путин ва Трампнинг учрашувини ташкил этишни тилга олинди.

Нимага келишилди?

Делегациялар барча мавзулар бўйича «жиддий суҳбат» ўтказди, деди Ушаков. Унинг таъкидлашича, ҳозирча икки давлат позициялари яқинлашмоқда деб айтиш қийин, «лекин суҳбат шу ҳақда бўлган». Муҳокаманинг асосий натижалари шулардан иборат.

Украинадаги можарони ҳал қилиш

  • «Биз [бу мавзуни] муҳокама қилдик ва ўзимизнинг принципиал ёндашувларимизни баён қилдик. Бу мавзу бўйича музокарачиларнинг алоҳида гуруҳлари ўз вақтида алоқага киришиши ҳақида келишиб олдик», — деди Ушаков Украина масаласида.
  • Россия ва АҚШ Украина бўйича уч босқичли тинчлик режасини таклиф қилди, деб хабар берди Fox News мухбири Жеки Хайнрич манбаларга таяниб. Биринчи босқич — ўт очишни тўхтатиш. Иккинчиси — Украинада сайлов ўтказиш. Учинчиси — якуний битимни имзолаш.
  • Россия ва АҚШ Украинадаги можарони ҳал қилиш бўйича ишларни бошлаш учун юқори даражадаги жамоаларни аниқлашга келишиб олди, деди Давлат департаменти матбуот котиби Темми Брюс. Шунингдек, томонлар Украинадаги ҳарбий ҳаракатлар тугаганидан кейин пайдо бўладиган «ўзаро геосиёсий манфаатлар» ва «иқтисодий ва сармоявий имкониятлар» бўйича келажакдаги ҳамкорлик учун пойдевор яратмоқчи.
  • Украина бўйича Россиядан музокарачилар қаторига ким киришини президент ҳал қилади, ҳозирча жамоа таркиби номаълум, деди Ушаков. Унинг сўзларига кўра, делегациялар бир-бирига Украина можароси атрофидаги муаммо бўйича «принципиал ёндашувларини» баён қилган.
  • Давлат департаменти музокараларни Украинадаги можарони тугатиш учун «олдинга ташланган муҳим қадам» деб атади, бироқ «мустаҳкам тинчликка эришиш учун» биргина учрашув етарли эмаслигини таъкидлади.

Икки томонлама муносабатлар

  • АҚШ ва Россия Вашингтон ҳамда Москвадаги элчихоналар ходимларининг аввалги сонини тиклашга келишиб олди, деди Рубио.
  • Делегациялар, шунингдек, Россия ва АҚШ «дипломатик ваколатхоналари ишини нормаллаштириш учун зарур чораларни кўриш мақсадида икки томонлама муносабатлардаги таъсир этувчи омилларни бартараф этиш бўйича маслаҳатлашувлар механизмини яратишга» қарор қилди.
  • Путин ва Трампнинг учрашуви келаси ҳафта ўтказилиши даргумон, бу делегациялар олдида «оғир меҳнат» турибди, деди Ушаков. «Биз бунга тайёрмиз, бироқ икки етакчи учрашувининг аниқ санаси ҳақида гапириш ҳали қийин», — деди у.
  • Кирилл Дмитриев музокараларни «жуда конструктив мулоқот» ва мунозараларнинг ижобий бошланиши сифатида баҳолади. Унинг сўзларига кўра, кўплаб алоқа нуқталари ва Россиянинг позициясини эшитишга аниқ уриниш бўлган. «Ҳурмат устига қурилган, хотиржам мулоқот бўлди. Одамлар бир-бирларини яхшироқ билиб олишди. Америка томони икки буюк давлат бир-бири билан мулоқот қилмаслиги, бир-бирини тушунмаслиги мумкин эмаслиги ҳақида жуда муҳим мессежни етказди», — деди Дмитриев.
  • Унинг сўзларига кўра, Москва Вашингтонга савдо-иқтисодий соҳадаги муносабатларни ривожлантириш бўйича бир нечта таклифларни юборган. У гап айнан нима ҳақида кетаётганига аниқлик киритмади, бироқ Россия ва АҚШ Арктикада қўшма лойиҳалар билан шуғулланиши мумкинлигини таъкидлади.

Россия ва АҚШ музокараларига муносабат

Учрашув арафасида Украина президенти Владимир Зеленский Киев музокаралар Ар-Риёдда тузилган тақдирда, можарони ҳал қилиш бўйича ҳар қандай келишувларни тан олмаслигини айтди. «Биз ҳар қандай нарсани ёки биз ҳақимиздаги ҳар қандай келишувни бизсиз тан ололмаймиз», — деди у.

Франция президенти Эммануэль Макрон ҳам музокаралар арафасида Парижда Европа давлатларининг фавқулодда норасмий саммитини чақирди. Шундан сўнг у «Россия ўз тажовузини тўхтатиши керак», Украина эса ишончли хавфсизлик кафолатларини олиши кераклигини айтди. «Акс ҳолда, ушбу ўт очишни тўхтатиш Минск келишувлари каби якунланиши хавфи мавжуд», — деб ёзди Макрон.

Хитой Ташқи ишлар вазирлиги Ар-Риёдда музокаралар бошлангани муносабати билан баёнот берди, унда айтилишича, Пекин тинчликка эришишга қаратилган барча саъй-ҳаракатларни олқишлайди.

Хитой Ташқи ишлар вазирлиги вакили Го Цзякунь барча манфаатдор томонлар келишув жараёнига ўз вақтида қўшила олишига умид билдирди. Ар-Риёдда бўлиб ўтган музокараларда Украина ҳам, Европа Иттифоқи ҳам иштирок этмади.
Россия ТИВнинг таъкидлашича, Европа Иттифоқининг Россияни «стратегик мағлубиятга учратиш» истаги унинг музокаралар столидан жой олиш имкониятини истисно қилади. Брюссель келишув доирасида қила оладиган ягона нарса — Украинага ҳарбий ва бошқа ёрдам кўрсатишни тўхтатиш, деди вазир ўринбосари Александр Грушко.