Тадбиркорликни ривожлантириш компанияси таъсисчилигида талабгир қишлоқ хўжалиги маҳсулотлари етиштириш ва бозорга етказиб бериш билан шуғулланадиган Uzagrostar xolding компанияси ташкил этилди, деб хабар берди Адлия вазирлиги.
Президентнинг тегишли қарорига кўра, МЧЖ шаклида очиладиган Uzagrostar xolding муассислигида ташқи ва ички бозорларда талаб юқори бўлган қишлоқ хўжалиги маҳсулотлари кесимида базавий ва қамраб олинадиган туманларни белгилаш ва ушбу ҳудудлардаги маҳаллаларда маҳсулот етиштиришнинг ихтисослашувини чуқурлаштириш бўйича ихтисослашган компаниялар ташкил этилади.
Компаниянинг асосий вазифаларидан бири — ер майдонларида маҳсулот етиштиришда ихтисослашувни чуқурлаштириш орқали туманлар ва маҳаллаларда ўсиш нуқталарини шакллантириш.
Бунда базавий туманлар ихтисослашган компанияларнинг асосий фаолияти учун марказ бўлиб хизмат қилади. Қамраб олинадиган ҳудудларда белгиланган навлардаги маҳсулотларни етиштириш, сақлаш, қайта ишлаш, қадоқлаш ва ташиш билан боғлиқ инновациялар, янги технологиялар ва ёндашувларни тарқатиш ва жорий этиш кенгайтирилади.
Ижобий тажрибалар бошқа туманларда ҳам босқичма-босқич қўлланади, алоҳида йўналишларда ва тегишли бренд остида фаолият юритишга ихтисослашган компаниялар ташкил этилиб, фаолияти мувофиқлаштирилади.
Uzagrostar xolding томорқа кенгаши билан келишган ҳолда ихтисослашган компаниялар устав капиталини шакллантириш ва молиявий ресурслар билан таъминлаш учун маблағ йўналтиради. Мавжуд муаммо ва масалаларни тезкорлик билан ҳал қилиш учун Иқтисодиёт ва молия вазирлиги, Қишлоқ хўжалиги вазирлиги ва бошқа ваколатли давлат органлари билан ҳамкорликда зарурий норматив-ҳуқуқий ҳужжатларни ишлаб чиқади.
Аҳоли томорқаларида ва деҳқон хўжалиги ер майдонларида маҳсулот етиштириш бўйича ихтисослашувни рағбатлантириш мақсадида қуйидаги молиявий қўллаб-қувватлаш инструментлари жорий этилади:
- узум кўчатини шпалерга ўтказишга ҳар бир шпалер учун 15 минг сўмгача субсидия берилади;
- томорқадаги боғларни янгилаш учун in-vitro кўчат сотиб олиш харажатининг 50 фоизи қоплаб берилади;
- 2025 йилда мева-сабзавот маҳсулотлари етиштириш ва уларнинг хариди учун ажратиладиган имтиёзли кредитларга 1 триллион сўм йўналтирилади.
Президентнинг томорқа ер эгалари ва деҳқон хўжаликлари фаолиятида замонавий ташкилий тизимни жорий қилишга доир фармонида келтирилишича, Uzagrostar xolding компанияси устав капиталини шакллантириш учун 25 февралга қадар Дехқон хўжаликлари ва томорқа ег эгалари фаолиятини қўллаб-қувватлаш жамғармаси ҳисобидан 300 миллиард сўм ажратилади.