Осиё тараққиёт банки Ўзбекистонда сув хавфсизлигини яхшилаш учун қарз ажратади. Бу ҳақда ташкилот матбуот хизмати «Газета.uz»га хабар берди.

Унга кўра, 18 февраль куни ташкилот Ўзбекистон ҳукуматининг сув ресурсларини бошқариш секторини модернизация қилиш, сув хавфсизлигини яхшилаш ва мамлакатда хавфсиз ҳамда ишончли сув таъминотидан фойдаланиш имкониятини ошириш бўйича ҳаракатларини қўллаб-қувватлаш учун 125 млн доллар миқдорида қарз ажратилишини маъқуллаган.

«Иқлим ўзгаришини ҳисобга олган ҳолда сув ресурсларини ақлли бошқаришни яхшилаш лойиҳаси активларни бошқаришни ва хизматларни кўрсатиш барқарорлигини яхшилаш, шунингдек, миллий сув таъминоти корхонаси ходимларининг институционал салоҳиятини ошириш имконини беради. Бу, шунингдек, қарорларнинг янада самарали қабул қилинишига ва сув ресурсларини бошқариш ва энергиядан фойдаланиш самарадорлигини яхшилашга олиб келади ва шу тарзда иқлим ўзгаришининг салбий оқибатларини юмшатишга ёрдам беради», — дейилади хабарда.

«Ўзбекистондаги сув ресурслари иқлим ўзгариши ва самарасиз фойдаланиш туфайли жиддий таҳдид остида. ОТБ лойиҳаси Ўзбекистонда углерод изини камайтириш учун сувдан фойдаланишни яхшилаш, энергия сарфини камайтириш ва операцион самарадорликни ошириш учун сувни бошқаришнинг ақлли тизимларини жорий этади», — дея таъкидлади ОТБнинг Ўзбекистондаги доимий ваколатхонаси директори Канокпан Лао-Арайа.

ОТБ лойиҳаси «Ўзсувтаъминот» акциядорлик жамияти ва унинг ҳудудий филиалларига мамлакат бўйлаб асосий сув истеъмоли объектларида сув сарфини ҳисобга олиш ва телеметрия тизимини ўрнатишни якунлашда ёрдам беради. Лойиҳа доирасида бутун сув таъминоти ва оқава сув инфратузилмаси, шу жумладан, тахминан 4 млн мижоз уланишлари учун активлар инвентаризация қилинади ва жойларда географик хариталаш ишлари амалга оширилади.

Коммунал хизматларни IT асосида иқлимга мослашган бошқариш тизимларининг интеграцияланган пакети ишга туширилади ва бу миллий сув таъминоти корхонаси ходимлари учун тегишли ўқув курсларини ҳам ўз ичига олади. Лойиҳа, шунингдек, мижозлар марказлари фаолиятини янги молиявий бошқарув дастурий таъминотини тақдим этиш орқали яхшилаш имконини беради, бу эса халқаро стандартларга асосланган шаффоф молиявий ҳисоботларни яратиш имконини беради.

Лойиҳа эксплуатацион харажатларни қисқартириш, ишчи кучи самарадорлигини ошириш, шунингдек, мижозлар билан ўзаро алоқалар ва қониқишни яхшилаш учун ўзгартирувчи рақамли ечимлар ва технологияларни жорий этишга ёрдам беради.

Маълумот ўрнида, 2025 йил ОТБ ва Ўзбекистон ўртасида ҳамкорлик бошланганига 30 йил тўлди. Ўзбекистон ОТБга 1995 йилда аъзо бўлган ва ўшандан бери банк мамлакатга жами 14,3 млрд доллар миқдорида давлат сектори қарзи, грант ва техник кўмак тақдим этган.

ОТБ 1966 йилда ташкил этилган бўлиб, унга 69 мамлакат аъзо бўлган. Уларнинг 49 таси Осиё ва Тинч океани минтақасида жойлашган.