Олий Мажлис Қонунчилик палатаси депутати Бахтиёр Пўлатов Тошкент шаҳридаги «Анҳор Локомотив» боғига туташ ҳудудларда режалаштирилган қурилиш ишлари юзасидан Бош прокуратура, Қурилиш ва уй-жой коммунал хўжалиги вазирлиги ҳамда Тошкент шаҳри ҳокимлигига депутатлик сўрови юборди. Бу ҳақда Экология партияси хабар қилди.

Сўровда боғнинг маданий хордиқ чиқариш ва дам олиш маскани сифатида сақлаб қолиш чоралари белгиланганми, шунингдек, бу ҳудудда кўп квартирали уй-жойлар, меҳмонхона ва спорт мажмуаси қурилиши қонун ҳужжатларига қанчалик мувофиқ келиши ҳақида саволлар кўтарилган.

«Анҳор Локомотив» боғида нима бўляпти?

9−10 февраль кунлари ижтимоий тармоқларда боғда қурилиши режалаштирилаётгани ҳақида маълумот пайдо бўлди.

Golden House қурилиш компаниясининг маҳсулот бўйича директори Вадим Павловнинг тақдимотига кўра, боғ ҳудудида бизнес ва премиум тоифадаги кўп қаватли турар жой бинолари, бизнес маркази ва савдо маркази, бассейнли спорт мажмуаси, конференция маркази, апарт-меҳмонхона, сайр қилиш жойлари, сув бўйида ресторанлар ва бошқа объектлар қурилиши режалаштирилган.

Шунингдек, сунъий сув ҳавзаси ва болалар пляжи барпо этиш кўзда тутилган.

Аттракционлар олиб ташланиши кутилмоқда, бироқ қўшни «Наврўз» этнопарки ҳудуди ва чархпалак бузилмайди.

Макетга кўра, савдо мажмуаси, картинг-клуб, қояга чиқиш зонаси ҳам бузилади.

Қарши петиция

Аввалроқ «Мовий гумбазлар» боғида Мустақиллик монументи қурилишига қарши акцияда иштирок этган «Космонавтлар боғимизни ҳимоя қиламиз» Телеграм-канали 14 февраль куни «Анҳор Локомотив» боғининг қурилиш тарихи ҳақида маълумот берди.

Нашрда 2014 йилда авиация заводи филиали бузиб ташланганидан кейин ҳудудни қуриш лойиҳаси акс этган фотосурат тақдим этилган.

Лойиҳани амалга ошириш 2016 йилда очилган «Анҳор Локомотив» аттракционлар парки билан бошланган. Ўшанда бўш турган ҳудудга 10 мингдан ортиқ дарахт ва манзарали ўсимликлар экилган, дейилади нашрда.

2018 йилда, пост муаллифининг сўзларига кўра, президент қарори билан қурилиш давом эттирилган — сайёҳларни жалб қилиш ва халқ ҳунармандчилигини қўллаб-қувватлаш мақсадида «Наврўз» сайилгоҳи ва ҳунармандлар шаҳарчасини ташкил этиш бошланган.

2019 йилда пойтахт аҳолиси ва меҳмонлари ободонлаштирилган ҳудудда сайр қилиш имкониятига эга бўлган, аммо лойиҳанинг қолган қисми тўхтатиб қўйилган ва ҳозирга қадар амалга оширилмаган. Шу билан бирга, ўтган 10 йил давомида экилган ўсимликлар илдиз отиб, ўсиб чиққан ва боғ соя-салқин масканга айланган.

Telegram канал «боғни бузиб, унинг ўрнига 20 та кўп қаватли бино қуришни назарда тутувчи» янги лойиҳанинг фото ва видеолари пайдо бўлганига эътибор қаратди.

Мақола муаллифи сўнгги йилларда боғлар барпо этишга маблағ ва куч сарфланаётгани, кейин эса ўн йилдан сўнг уларни қурилиш учун бузиш сабаблари ҳақида савол кўтарди.

15 февраль куни Telegram канал боғни қайта қуриш режасига қарши онлайн петиция эълон қилди.

«Боғ ўрнига янги мажмуа қуриш ва кейинчалик 10 мингдан ортиқ дарахт ҳамда яшил майдонларни аёвсиз кесиб ташлаш, ўтмишда энг кўкаламзор бўлган шаҳар экологиясига салбий таъсир кўрсатади. Бундан ташқари, бу боғда ишлайдиган юзлаб ходимларнинг иш ўринларини йўқотишига ҳам олиб келади», — дейилади петицияда.

17 февралдан бошлаб боғ қурилишига қарши яна бир петиция ташкил этилди. Телеграм-канал маълумотларига кўра, икки кун ичида 1500 дан ортиқ киши «Анҳор Локомотив»га ташриф буюриб, петиция имзолаган.

Кўплаб блогер ва фаоллар, жумладан, экоблогер Мўътабар Хушвақтова (Ўрикгули) ҳам боғни сақлаб қолиш тарафдори бўлди.

«Лабзак» маҳалласи раиси, 1988 йилдан буён шу маҳаллада истиқомат қилиб келаётган Озода Исмоиланинг айтишича, илгари мавжуд боғ ўрнида яшил боғ бўлган, «дарахтлар кесиб ташлангани учун ундан 20 фоизга ҳам қолмаган».