Футбол бўйича Ўзбекистон U-20 терма жамоаси 20 ёшгача футболчилар ўртасидаги Осиё кубогининг «С» гуруҳида иккинчи ўринни эгаллаган ҳолда чорак финалга чиқди.
Аввалги гуруҳ ўйинларида Ўзбекистон Яман (1:0) ва Индонезия (3:1) термаларини мағлуб этганди. Жамоа учинчи ўйинда ушбу жамоаларни мос равишда 6:0 ва 3:0 ҳисобида мағлуб этган Эрон билан тўқнаш келди.
Ўзбекистон ва Эрон терма жамоалари 19 февраль куни Хитойнинг Шэньчжэнь шаҳрида бўлиб ўтган ва 1:2 ҳисобида якунланган ўзаро ўйиндан аввалоқ чорак финал йўлланмасини қўлга киритиб улгурди.
Ўзбекистон терма жамоаси ўйинни асосий ҳужумчи Муҳаммадали Ўринбоевсиз бошлаган бўлса, Эрон Яман устидан 6:0 ҳисобидаги ўйинда иккита гол урган «Истиқлол» ярим ҳимоячиси Аболфазл Замонийни захирада қолдирди.
Эрон ўйинни фаол бошлади ва 19-дақиқадаёқ хавфли вазият юзага келтирди: Юсеф Мазраэ жарима майдончаси ташқарисидан зарба йўллади, бироқ тўп ҳимоячига тегиб, бурчакка чиқиб кетди.
38-дақиқада Эрон ҳисобда олдинга чиқиб олиш учун яққол имкониятни бой берди: Алиреза Ҳомаеифар жарима майдончасига кросс узатди, бироқ Эсмоил Ғолизоданинг зарбаси тўғри ўзбекистонлик дарвозабон Муҳаммадюсуф Собировнинг ўзига келиб тушди.
Собиров Ҳесам Нафари боши билан берган хавфли зарбани қайтарган ҳолда бурчак тўпидан сўнг ҳам жамоасини қутқариб қолди.
Бироқ 52-дақиқада ўзбекистонлик дарвозабон хатога йўл қўйди: Мазраэнинг кучли зарбасини ушлаб қола олмади ва тўп дарвоза тўридан жой олди — 1:0.
64-дақиқада эронликлар ҳисобдаги фарқни оширди: дарвозабон қўполлигидан сўнг Аболфазл Мореди пенальти ишлади, Ғолизода эса 11 метрлик зарбани ишончли тарзда голга айлантирди — 2:0.
69-дақиқада Муҳаммадали Ўринбоев ўйинга қўшилди ва орадан 10 дақиқа ўтиб жарима майдончаси марказидан дарвозага аниқ зарба йўллаб, интригани тиклашга муваффақ бўлди — 2:1.
84-дақиқада Пурия Шаҳрабади ҳимоячини енгиб, кучли зарба йўллади ва дарвоза тўсинини пойлади. Бироқ бу учрашув натижасига таъсир қилмади — эронликлар ғалаба қозонди.
Эрон гуруҳ босқичини учта ғалаба билан якунлади ва энди чорак финалда «D» гуруҳида иккинчи ўринни эгаллаган жамоа билан тўқнаш келади. Турнирнинг амалдаги чемпиони Ўзбекистон ушбу гуруҳ ғолиби билан ўйнайди.
Нашр эълон қилинган вақтда «D» гуруҳида Жанубий Корея (6 очко) биринчи, Япония (4) иккинчи ўринда. Улар гуруҳ босқичининг сўнгги ўйинида ўзаро тўқнаш келади. Сурия (1) Таиланд (0) билан ўйнайди.
Ўзбекистон ёшлар терма жамоаси бош мураббийи Фарҳод Нишонов жамоа «ғалаба қозонмоқчи бўлгани, бироқ хатолар туфайли мағлуб бўлганини» таъкидлади.
«Бир қатор футболчиларга дам беришга қарор қилгандик, шу сабабли таркибда ўзгаришлар бўлди. Ўйин натижасидан кўнглим тўлмади, бу ўйинда ғалаба қозонишни мақсад қилгандик. Кейинги босқичда бизга ким рақиб бўлиши эртага маълум бўлади. Эртага рақибимиз ким бўлишини билгач, шунга қараб режа бўйича тайёргарлик кўрамиз», — деди у.
Унга кўра, Ўринбоевда кичик жароҳат бўлган, шу боис у кейинги босқичга қадар тўлиқ тикланиш учун асосий таркибга киритилмаган.
Мусобақада 16 та жамоа иштирок этмоқда. Энг яхши тўртта терма жамоа Чилида бўлиб ўтадиган U-20 жаҳон чемпионатига йўлланма олади.
Эслатиб ўтамиз, Ўзбекистон Осиё кубогининг амалдаги чемпиони ҳисобланади. 2023 йилда мураббий Равшан Ҳайдаров бошчилигидаги ёшлар терма жамоаси ўз тарихида илк бор ушбу турнирда ғолибликни қўлга киритганди.