Ўзбекистон Марказий банки 18 февраль куни президент томонидан имзоланган «Банклардаги омонатларини ҳимоя қилиш кафолатлари тўғрисида»ги янги қонун билан киритилган ўзгартиришларга изоҳ берди.
2009 йилдан бери Ўзбекистонда инқироз даврида жорий этилган омонатларни 100 фоиз кафолатлаш тизими амал қилиб келмоқда. Бироқ бугунги кунда бундай тизим фақат Ўзбекистон, Туркманистон ва Беларусда сақланиб қолган. Аксарият мамлакатларда лимитлар ўрнатилган.
Энди Ўзбекистонда омонатлар бўйича кафолатнинг энг юқори миқдори бир банкдаги бир омонатчи учун 200 миллион сўмни (тахминан 15,4 минг доллар) ташкил этади.
Ушбу талаб қонун кучга киргандан кейин жойлаштирилган янги омонатларга нисбатан қўлланилади.
«Агар сизнинг банкларда янги қонун кучга киргунга қадар қўйган муддатли ёки жамғарма омонатингиз бўлса, омонатларингиз миқдоридан қатъи назар тўлиқ кафолатланади. Агарда пулингиз 200 миллион сўмдан кам миқдорни ташкил этадиган бўлса, унда омонатингиз тўлиқ миқдорда кафолатланади», — дейилади хабарда.
Бундан ташқари, лимит белгиланиши банкларни фуқаролик жавобгарлигидан озод қилмайди. Улар аввалгидек ўз активлари ва мол-мулки билан мижозлар олдида жавобгар бўлиб қолаверади. Яъни 200 миллион сўмни давлат қоплайди, қолган қисмини эса омонатчи банкдан талаб қилиши мумкин.
Яна бир янгилик, эндиликда нафақат жисмоний шахсларнинг, балки юридик шахслар, шу жумладан якка тартибдаги тадбиркорларнинг омонатлари ҳам кафолатланади.
Омонатларни кафолатлаш нима учун зарур ва нима учун маълум лимитларни белгилаш муҳим?
МБ маълумотларига кўра, янги қоидалар омонатчиларни ҳимоя қилиш учун зарур: агар банк тугатилса, омонатчилар ўз маблағларини қайтариб олиши мумкин бўлади.
Таъкидлаш жоизки, чекланган лимит омонатчиларни фақат юқори фоизларга эмас, балки банкларнинг молиявий барқарорлигини баҳолаб, уларни онгли равишда танлашга ундайди.
Бундан ташқари, бу банкларнинг молиявий интизомини мустаҳкамлайди, улар юқори ставкаларга эга хавфли депозит дастурлари орқали эмас, балки ишончлилик ва барқарорлик орқали рақобатлашиши керак бўлади.
Чекланмаган барча омонатларнинг тўлиқ кафолати инқироз ҳолатида сезиларли давлат харажатларини келтириб чиқариши мумкин. Лимитнинг жорий этилиши тизимни бошқарувчанлигини оширади ва иқтисодиёт учун хавфларни камайтиради.
Агар омонатингиз 200 миллион сўмдан ошса нима бўлади?
Марказий банкнинг билдиришича, белгиланган 200 миллион сўмлик кафолат миқдори банкка ундан кўпроқ маблағ қўйишни тақиқламайди. «Пулларни банкда сақлаш, уларни уйда сақлашдан анча хавфсиз ва манфаатли. Омонатни бу миқдорда кафолатлаш эса фақатгина банк тугатилган тақдирдагина қўлланилади, акс ҳолда банклар омонатлар бўйича ўз мажбуриятларини шартнома асосида бажараверади», — дея таъкидлади регулятор.
Бундан ташқари, ўзгартириш билан банк лицензияси чақириб олинганда компенсация тўлашни бошлаш муддати қонун кучга киргандан кейин 83 кундан 20 кунгача, 2026 йилдан эса 15 кунгача, 2027 йил 1 январдан 7 кунгача қисқартирилади.
Бу Омонатларни кафолатлаш агентлигига компенсация тўлаш учун кўпи билан 20 иш куни берилишини, аммо зарур тадбирлар амалга оширилса, тўловлар муддатидан олдин ҳам амалга оширилиши мумкинлигини англатади.
«Агарда сиз компенсация тўлаб бериш учун белгиланган муддат ичида ўз маблағларингизни қайтариб олишга улгурмаган бўлсангиз ҳам хавотирга ўрин қолмайди, яъни ўз пулларингизни агентликдан исталган вақтда қайтариб олишингиз мумкин бўлади», — дейилади хабарда.
Ушбу ҳавола орқали қонун билан батафсил танишиб чиқишингиз мумкин.