Шавкат Мирзиёев 18 февраль куни янги таҳрирдаги «Банклардаги омонатларини ҳимоя қилиш кафолатлари тўғрисида»ги қонунни имзолади (аввалги таҳрири 2002 йил қабул қилинган). Ҳужжат «Халқ сўзи» газетасида эълон қилинди.

Қонунни ишлаб чиқиш

Омонатларни кафолатлаш тизимини ислоҳ қилиш тўғрисидаги қонун Жаҳон банки экспертлари билан ҳамкорликда ишлаб чиқилган бўлиб, халқаро стандартларга мувофиқлаштириш мақсадини кўзлаган.

Экспертлар амалдаги тизимни ўрганиб чиқиб, омонатларни самарали суғурталашнинг 16 та халқаро тамойилидан 8 таси бажарилмаётганини аниқлади. Асосий муаммолар Омонатларни кафолатлаш жамғармаси депозитларни тўлиқ ҳимоя қила олмаслиги билан боғлиқ. Бу эса омонатчиларни банкларнинг молиявий барқарорлигини ҳисобга олмай, фақат юқори фоизли банкларни танлашга мажбур қилмоқда.

Бундан ташқари, кўпчилик жисмоний шахсларга хизмат кўрсатувчи Халқ банки давлат кафолатларини олгани боис омонатларни кафолатлаш тизимида иштирок этмайди. Мутахассисларнинг фикрича, бу молия бозоридаги рақобатни бузади.

Нима ўзгаради?

Ўзбекистонда 2009 йилдан бери инқироз даврида жорий этилган омонатларни 100 фоиз кафолатлаш тизими амал қилиб келмоқда. Бироқ бугунги кунда бундай тизим фақат Ўзбекистон, Туркманистон ва Беларусда сақланиб қолган. Кўплаб мамлакатларда қуйидаги чегаралар ўрнатилган:

  • Қозоғистон — 43 минг доллар;
  • Озарбайжон — 17,7 минг доллар;
  • Россия — 15,4 минг доллар;
  • Туркия — 14 минг доллар;
  • Европа Иттифоқи — 100 минг еврогача.

Янги қонунга кўра, Ўзбекистонда энди бир банкдаги битта омонатчига тўланадиган кафолат суммаси 200 миллион сўмгача (тахминан 15,4 минг АҚШ доллари) бўлади. Мижозлар банкка 200 миллион сўмдан ортиқ маблағ қўйишлари мумкин. Бироқ банк тугатилган тақдирда, давлат фақат 200 миллион сўмгача бўлган маблағни қоплашни кафолатлайди. Омонатчи қолган суммани банкдан суд орқали ундириб олиши мумкин бўлади.

Бироқ мижознинг турли банкларда омонатлари бўлса, ҳимоя ҳар бир ташкилотга алоҳида татбиқ этилади (масалан, 36 та банкдаги омонатларда ҳимоя суммаси 7,2 миллиард сўмгача етиши мумкин).

Марказий банк раисининг ўринбосари Аброрхўжа Турдалиев аввалроқ ушбу лимит омонатчиларнинг 97 фоизини қамраб олишини, бу жаҳон бўйича ўртача кўрсаткичдан (90 фоиз) юқори эканини таъкидлаганди.

«Расмий хабарлар» Telegram канали маълумотларига кўра, янги лимит омонатлар даражасининг 99,7 фоизидан ошмайди, яъни ҳозирги шароитда уларнинг маблағлари тўлиқ ҳимояланади.

Бугунги кунда депозитларнинг умумий ҳажми 308,6 триллион сўмни ташкил этади (2017 йилда 37 триллион сўм эди). Жисмоний шахсларнинг жами омонатлари 122,5 триллион сўмга етди, шундан 200 миллион сўмгача бўлган маблағ 99,7 фоиз омонатчилар ҳиссасига тўғри келади.

Бундан ташқари, 200 миллион сўм миқдоридаги кафолатланган сумма эндиликда якка тартибдаги тадбиркорлар ҳамда юридик шахсларнинг сўмдаги ва валютадаги омонатларига ҳам татбиқ этилади.

Нималар кафолатланади?

Қуйидагилар омонатни кафолатлаш объекти ҳисобланади:

  • банк омонати шартномаси ёки банк ҳисобварағи бўйича банкка қўйилган пул маблағларининг қолдиғи;
  • шартнома шартлари бажарилгунга қадар алоҳида ҳисобварақларда сақланадиган маблағлар (масалан, «эскроу» хизмати);
  • жамғарма (депозит) сертификати билан тасдиқланган маблағлар;
  • банк омонати ёки ҳисобварағи шартномаси бўйича кафолатли ҳолат юзага келган пайтда тўланмаган ҳисобланган фоизлар қолдиғи, агар уларни ҳисоблаш шартномада назарда тутилган бўлса;
  • жамғарма (депозит) сертификатида кўрсатилган, ҳисобланган, лекин тўланмаган фоизлар қолдиғи.

Қандай омонатлар кафолатланмайди?

Кафолатлар қуйидагиларга нисбатан татбиқ этилмайди:

  • молия ташкилотларининг, жумладан банклар, нобанк кредит ташкилотлари, суғурта компаниялари, инвестиция ва пай фондлари, лизинг компаниялари, шунингдек, Ўзбекистон ва хорижий давлатлар ҳокимиятларининг лицензияси ёки рухсати асосида молиявий фаолият юритувчи бошқа ташкилотларнинг депозитлари;
  • давлат ташкилотлари ва корхоналарининг, шунингдек, Ўзбекистон ёки хорижий давлатлар давлат органларининг омонатлари;
  • банк билан алоқадор шахсларнинг омонатлари (бошқарув аъзолари ва банкнинг асосий ходимлари бундан мустасно, агар уларнинг миқдори охирги уч ойдаги иш ҳақидан ошмаса);
  • хорижий филиалларга ёки шуба банкларга жойлаштирилган маблағлар;
  • шахсий жамғариб бориладиган пенсия ҳисобварақларидаги пуллар;
  • ноқонуний йўл билан, шу жумладан даромадларни легаллаштириш, терроризмни молиялаштириш ва оммавий қирғин қуролини тарқатишдан олинган маблағлар (агар бу суд томонидан тасдиқланган бўлса).

Нима омонат ҳисобланмайди?

Омонат тушунчасига қуйидагилар кирмайди:

  • банкнинг регулятив капиталига киритилган акциялар ва бошқа воситалар;
  • банк томонидан чиқарилган қарз қимматли қоғозлари, жумладан, облигациялар ва оддий векселлар;
  • банкнинг субординацияланган қарз мажбуриятлари;
  • банк сейфларидаги пул маблағлари (бундай ҳисобварақларда сақлаш компенсация олиш ҳуқуқини бермайди);
  • молиявий воситалар, жумладан, фючерслар, опционлар, ҳосила шартномалар бўйича талаб қилиш ҳуқуқи;
  • активларни ишончли бошқариш — банкка бошқарувга топширилган маблағлар ҳам давлат кафолати остига кирмайди.

Қандай кафолатлар сақланиб қолади?

Компенсациянинг янги миқдори аллақачон очилган омонатларга таъсир кўрсатмайди — улар бўйича тўлиқ кафолат сақланиб қолади, аммо бу фақат муддатли ва жамғарма омонатларга тааллуқли (талаб қилиб олингунча сақланадиган омонатларга нисбатан амал қилмайди). Бироқ агар омонат белгиланган лимитдан оширилган ва қонун кучга киргандан сўнг уни қайтариш муддати узайтирилган бўлса, у ҳолда кафолат 200 млн сўмгача қўлланилади.

Чеклов банкларни омонатчилар олдидаги мажбуриятлардан озод қилмайди. Давлат 200 млн сўмни қоплайди, лекин омонатчи қолган суммани банкдан талаб қилиш ҳуқуқига эга бўлади.

Бундан ташқари, ўзгартиришлар билан банк лицензияси чақириб олинганда компенсация тўлашни бошлаш муддати қонун кучга киргандан сўнг 2 ой 23 кундан 20 кунгача, кейинчалик 2026 йилдан 15 кунгача, 2027 йил 1 январдан 7 кунгача қисқартирилмоқда.

Қўшимча компенсация

Агар банк тугатилса ёки қайта ташкил этилса (бошқа банк билан бирлашса ёки қўшилса), омонатчилар қўшимча компенсация олишади.

Бу омонатчилар, шунингдек омонатларнинг меросхўрлари ёки банк бирлашгандан кейин 6 ой ичида уларни олганлар учун қўшимча тўловлардир.

Компенсация иккала банкдаги ҳар бир омонат бўйича тўланади. Агар омонатчининг ушбу банкларда бир нечта ҳисобварағи бўлса, компенсацияни ҳисоблашнинг махсус тартиби қўлланилади.

Ҳуқуқий ворис бўлган банк 5 кун ичида омонатчиларни компенсация олиш ҳуқуқи тўғрисида хабардор қилиши шарт.

Қўшимча компенсация олиш ҳуқуқига эга бўлган омонатчилар омонатни 6 ой давомида жарималарсиз ва ҳисобланган фоизларни йўқотмаган ҳолда қайтариб олишлари мумкин.

Омонатларни кафолатлаш жамғармаси қандай ишлайди?

Жамғарма захиралар даражасини депозит базасининг 5 фоизи миқдорида сақлаб туради. Маблағларни бошқариш учун нотижорат давлат муассасаси шаклида Омонатларни кафолатлаш агентлиги ташкил этилади.

Жамғарма қўшимча маблағларни қуйидаги йўллар билан жалб қилиши мумкин:

  • банкларнинг махсус бадаллари (Марказий банк билан келишилган ҳолда);
  • давлат бюджетидан қарзлар;
  • Марказий банк кредитлари ва бошқа манбалар.

Агентлик ходимлари банкларни текширишда иштирок этиш ва омонатлар тўғрисидаги маълумотларнинг ишончлилигини назорат қилиш ҳуқуқига эга бўлади.

Жамғарма маблағларини инфляциядан ҳимоя қилиш учун улар 7 кун ичида пулга айлантирилиши мумкин бўлган юқори ликвидли, паст хавфли активларга жойлаштирилади.