Шавкат Мирзиёев 19 февраль куни энергия самарадорлигини ошириш бўйича таклифлар тақдимоти билан танишди, деб хабар берди президент матбуот хизмати.

Унда келтирилишича, мамлакатда энергия қувватлари аҳоли ва иқтисодиёт тармоқларининг ўсувчан талабига мос равишда ошиб бормоқда. Хусусан, ўтган йили 50 миллиард куб метр табиий газ, 81 миллиард киловатт соат электр ишлаб чиқарилган.

2035 йилга бориб, электр истеъмоли ҳозиргидан 1,7 баробар ошиши ҳисоб-китоб қилинган. Бу талабни тўлиқ қондириш учун «фақат ишлаб чиқариш эмас, тежамкорлик ҳам зарур».

президент, энергия, энергия тежамкорлик

Таҳлилларга кўра, Ўзбекистонда 1 долларлик ЯИМ яратиш учун дунёдаги ўртача кўрсаткичдан 2,5 баробар кўп энергия сарфланади. Электр тармоқларидаги йўқотишлар 14%, табиий газда эса 7% дан юқори.

Шу боис олимлар жалб қилиниб, жойларда энергияни тежаш имкониятлари илмий асосда ўрганилмоқда. Ҳозиргача 7 та вилоятда 4,6 миллиард киловатт-соат электр ва 1 миллиард куб метр газни иқтисод қилиш имкониятлари аниқланган.

Тақдимотда шу каби ўрганишлар асосида ишлаб чиқилган таклифлар муҳокама қилинди. Мисол учун, сув хўжалигидаги эски насосларни замонавийсига алмаштириб, йилига 1 миллиард киловатт-соат электрни тежаш мумкин. Ижтимоий муассасаларда қозонхоналарни янгилаш, «яшил» энергиядан фойдаланиш орқали бу йил 5 миллион куб метр газ, 15 миллион киловатт-соат электрни иқтисод қилса бўлади.

Умуман, бу йил 1,6 миллиард куб метр газ ва 3,5 миллиард киловатт-соат электрни тежаш мўлжалланган. Бунинг учун ҳар бир корхона ва ташкилотга илмий асосланган чора-тадбирлар етказилади.

президент, энергия, энергия тежамкорлик

Жумладан, йирик саноат корхоналарида бир маҳсулот бирлиги ишлаб чиқаришга кетадиган энергия меъёри белгиланади. Шунинг ўзидан энергия сарфи 5−10 фоизга қисқаради. Ижтимоий объектларда энергия тежамкор ускуналарни ўрнатиш бўйича манзилли дастур тасдиқланади.

Кўп қаватли уйларда иссиқликни яхши сақлаш учун уларни изоляциялаш кенгайтирилади. Хонадонларда гелиоколлектор ва қуёш панели ўрнатишга арзон кредитлар берилади. Истеъмолчилар Япония тажрибаси асосида энергия тежаш саводхонлиги бўйича ўқитилади.

Давлат раҳбари иқтисодиётнинг барча тармоқлари, ижтимоий соҳа ва уй-жойларда тежамкорлик муҳимлигини таъкидлади. Ҳудуд ва тармоқлар кесимида энергия исрофини камайтириш, талон-торожликларнинг олдини олиш бўйича қатъий кўрсатмалар берилди.