Рақобат қўмитасининг Бухоро вилоят ҳудудий бошқармаси томонидан ўтказилган мониторинг натижаларига кўра, автомобилларга газ тўлдириш компрессор шохобчаларида сиқилган газ нархи сунъий равишда оширилгани аниқланди. Бу ҳақда қўмита матбуот хизмати хабар қилди.
Маълумотларга кўра, 2024 йил 6 декабрига қадар Бухоро вилоятида 1 м³ сиқилган газ учун чакана нарх 3850−3950 сўм оралиғида бўлган. Бироқ 7−9 декабрь кунлари ушбу нарх 4150 сўмгача кўтарилган. Ҳисоб-китобларга кўра, бу 8 фоизгача нарх ошишига олиб келган.
Ҳудудий бошқарма томонидан «Рақобат тўғрисида»ги қонун ҳамда Вазирлар Маҳкамасининг 256-сонли қарори билан тасдиқланган Низом талаблари асосида текширув ўтказилди. Унда рақобатлашаётган хўжалик юритувчи субъектлар томонидан нарх оширилиши сунъий тарзда амалга оширилгани ва бу орқали рақобатга қарши келишувлар ёки мувофиқлаштирилган ҳаракатлар мавжудлиги тахмин қилинди.
Текширувлар жараёнида Бухоро вилоятидаги 47 та автомобилларга газ тўлдириш шохобчасида фаолият юритаётган 44 та хўжалик юритувчи субъект томонидан нарх сунъий равишда оширилгани маълум бўлди. Улар харажатларнинг ошиши учун иқтисодий асос мавжуд бўлмаган ҳолатда, умумий ташқи омиллар таъсирисиз ва рағбатлантирувчи заруратсиз равишда нархларни бир вақтда ёки кетма-кетликда ошириб, истеъмолчилар ҳисобидан ноқонуний даромад орттиргани аниқланди. Нарҳ оширилган давр 2024 йил 5 декабрдан 13 декабргача бўлган муддатни ўз ичига олади.
Текширув натижаларига кўра, ҳудудий бошқарманинг махсус комиссияси мазкур субъектларга нисбатан «Рақобат тўғрисида»ги Қонуннинг 19-моддаси ва Вазирлар Маҳкамасининг тегишли қарорлари бузилгани бўйича иш қўзғатди.
Бундан ташқари, мазкур субъектларга нисбатан молиявий жарималар қўллаш ҳамда қонунбузилиш ҳолатларини бартараф этиш бўйича кўрсатмалар берилди. Шу билан бирга, бундай ҳолатларнинг келгусида такрорланишининг олдини олиш мақсадида қонун талабларига риоя этиш зарурлиги ҳақида тегишли тавсиялар берилди.