Шавкат Мирзиёев 19 февраль куни Ўзбекистонда ташриф билан бўлиб турган Саудия Арабистони ҳаж ва умра ишлари вазири Тавфиқ бин Фавзон ар-Рабиа бошчилигидаги делегацияни қабул қилди. Бу ҳақда президент матбуот хизмати хабар берди.
Учрашув аввалида юқори мартабали меҳмон давлат раҳбарига Саудия Арабистони подшоҳи Салмон Ол Сауд ва Валиаҳд, мамлакат бош вазири Муҳаммад Ол Сауднинг саломи ва тилакларини етказди. Вазир, шунингдек, «подшоҳнинг кўп миллатли Ўзбекистон халқига ҳадяси» — муқаддас Каъба ёпинчиғи, яъни кисванинг бир парчасини топширди.
Ўзбекистон етакчиси, ўз навбатида, Саудия Арабистони раҳбариятига ушбу совға ҳамда зиёратчиларнинг Макка ва Мадинада бўлиши учун яратилган имкониятлар ва қулай шароитлар учун миннатдорлик билдирди. Биргина 2024 йилда 800 мингдан зиёд ўзбекистонлик Умра зиёратини, 15 минг нафари Ҳаж ибодатини бажарган.
Суҳбат чоғида ўзбекистонлик зиёратчиларга шарт-шароитлар ва кўрсатилаётган хизматлар сифатини яхшилаш, уларнинг Саудия Арабистонига ташрифи хавфсиз ва қулай бўлишини таъминлаш масалаларига алоҳида эътибор қаратилди.
Маълумот учун, кисва — Каъбанинг ёпинчиғи. У ҳар йили Зулҳижжа ойининг 9-куни (Қурбон ҳайити арафаси куни) алмаштирилади. Янги кисва Каъбани қоплагандан кейин, эски ёпинчиқ эҳтиёткорлик билан бўлинган ҳолда сақланади ва унинг баъзи қисмлари исломий давлат раҳбарлари, машҳур диний шахслар ва ташкилотларга рамзий совға сифатида тақдим этилади.