Испаниянинг Ўзбекистондаги янги тайинланган элчиси (қароргоҳи Москва шаҳрида) Рикардо Мартинес Васкес ташқи ишлар вазири Бахтиёр Садиовга ишонч ёрлиқларини топширди, дея хабар бермоқда вазирлик матбуот хизмати.
Бахтиёр Саидовнинг сўзларига кўра, Ўзбекистон ва Испания ўртасидаги икки томонлама муносабатлар динамикаси юқорига қараб кетмоқда.
«Икки мамлакат ташқи ишлар вазирликлари биргаликда ҳаётга татбиқ этиши лозим бўлган улкан имкониятларни алоҳида эътироф этдик. Жаноб элчига ҳамкорлигининг янги йўналишларини ривожлантиришда ва самарали фаолият олиб боришида омад тилаймиз», — дейилади хабарда.
66 ёшли дипломат Испания ТИВ марказий аппаратида ва хориждаги дипломатик миссияларда турли лавозимларда ҳамда Германиядаги элчи вазифасида ишлаган. У 2024 йил июль ойидан буён Испаниянинг Россиядаги элчиси сифатида фаолият олиб бормоқда.
Маълумот ўрнида, Рикардо Мартинес Васкес мазкур лавозимда 2022 йилдан буён ишлаб келган Маркос Гомес Мартинес ўрнини эгаллади.
2022 йилда собиқ ташқи ишлар вазири Владимир Норовнинг Испаниядаги ҳамкасби билан учрашувида Ўзбекистон Испанияни Европадаги ишончли ва истиқболли ҳамкор деб билиши ва расмий Мадриднинг яқин келажакда Тошкентда элчихона очиш режаларини олқишлашини билдирганди.