Бразилия Бош прокуратураси собиқ президент Жаир Болсонаруга 2022 йилги президентлик сайловларида мағлубиятга учраганидан кейин ҳукуматни ағдариш учун фитна уюштирганликда расман айблов эълон қилди, деб ёзмоқда Reuters.

Айбловларга кўра, 69 ёшли Болсонару ўз вориси — президент Луис Инасиу Лула да Силвани заҳарлашни ва Олий суд судьяси Александр де Мораесни отиб ўлдиришни режалаштирган.

Собиқ президент айбини рад этиб, сиёсий таъқиблар қурбони бўлганини айтмоқда. Сиёсатчига адвокатлик қилаётганларнинг таъкидлашича, у ҳеч қачон Бразилиядаги демократик қонун устуворлигини ёки уни қўллаб-қувватловчи институтларни йўқ қилишга қаратилган ҳаракатларни олиб бормаган.

Фитнада жами 34 киши, жумладан, бир неча ҳарбий амалдор — Болсонарунинг миллий хавфсизлик бўйича собиқ маслаҳатчиси, истеъфодаги генерал Аугусто Элено ва мамлакат ҳарбий-денгиз кучларининг собиқ қўмондони адмирал Алмира Гарнье Сантоса айбланган.

«Улар ҳокимиятнинг учта тармоғи устидан тўлиқ назорат ўрнатишга интилди, улар ўрнатмоқчи бўлган янги тартибни ташкил этиш мақсадларига хизмат қиладиган марказий идорани белгилаб олди», — дейилади айблов хулосасида.

Бразилия федерал полицияси Болсонару иштирокидаги эҳтимолий фитна бўйича икки йил давомида тергов олиб борди ва ноябрь ойида собиқ президент ва яна 36 кишини айблади. Полиция хулосаси Олий судга юборилди, у ердан уни бош прокурор олди ва расмий айблов қўйишга қарор қилди.

Бош прокуратура қарори Олий суд томонидан кўриб чиқилиши керак. Агар суд илтимосномани маъқулласа, Болсонару жавобгар бўлади ва жиноий иш бўйича суд олдида жавоб беради. Агар сиёсатчи айбдор деб топилса, камида 10 йил қамоқ жазосига ҳукм қилиниши мумкин.

  • Жаир Болсонару 2019 йилдан 2022 йилгача Бразилия президенти бўлган. У бундан икки йил муқаддам сайловда Лула да Силвага ютқазиб қўйганди. Сиёсатчи мағлубиятини тан олмаган, лекин лавозимини тарк этган. 2023 йил январь ойи бошида натижалардан норози Болсонару тарафдорлари Бразилия пойтахтида норозилик намойишлари ва тартибсизликлар уюштирган, жумладан, ҳукумат биноларини эгаллаб олишга уринган.