Ўзбекистондаги энг йирик оммавий ахборот воситаларидан бири Kun.uz сайтига бир суткадан кўпроқ вақт давомида киришнинг имкони бўлмаяпти. Нашр ижтимоий тармоқларда материаллар эълон қилишда давом этмоқда.

Сайтга кириш 18 февраль куни чекланган. 19 февраль куни нашр таҳририяти бунга сайт жойлашган сервердаги техник носозликлар сабаб бўлганини маълум қилди.

«Сайт жамоаси муҳим хабар ва материалларни ижтимоий тармоқлардаги саҳифаларида бериб бориш орқали штат режимда ишлашда давом этмоқда. Ҳозирда техник масала ҳал бўлиш арафасида, яқин соатларда сайтга кириш имконияти тикланиши кутилмоқда», — дейилади хабарда.

Таҳририят, шунингдек, босим бўлаётгани ҳақидаги миш-мишларни рад этди.

Шуни таъкидлаш керакки, кўплаб йирик сайтлар серверлари хорижда жойлашган, чунки ҳостинг хизматлари Ўзбекистонда чекланган инфратузилма туфайли анча қиммат.