Мубашшир Аҳмад тахаллуси билан танилган диний блогер Алишер Турсунов қидирувга берилди. Бу ҳақда Ички ишлар вазирлигига таяниб Daryo хабар бермоқда.

ИИВ матбуот котиби Шоҳрух Ғиёсовнинг нашрга маълум қилишича, Алишер Аҳмадович Турсунов Жиноят кодексининг 244−2-моддаси (Диний экстремистик, сепаратистик, фундаменталистик ёки бошқа тақиқланган ташкилотлар тузиш, уларга раҳбарлик қилиш, уларда иштирок этиш) 1-қисми бўйича қидирувга берилган.

Эслатиб ўтамиз, 2023 йил август ойида Мубашшир Аҳмад 2017 йилда ташкил этган Azon New Media гуруҳи (Azon.uz сайти, Azon FM онлайн радиоси, Azon TV онлайн телевидениеси) барча лойиҳаларини тўхтатганди. Шундан сўнг 2023 йил ноябрида тўрт тилда (ўзбек, рус, инглиз ва турк) фаолият юритувчи Azon Global портали тест режимида ишга туширилган.

Мубашшир Аҳмаднинг ўзи ўша йилнинг 28 декабрь куни Туркия ички ишлар тизими ходимлари томонидан гумонланувчи сифатида олиб кетилган эди. Полиция уни Истанбул вилояти Чаталжа туманида жойлашган Бинкилич депортация марказига жойлаштирган.

Ўшанда Истанбулдаги бош консулхона Мубашшир Аҳмадга нисбатан тегишли консуллик-ҳуқуқий ёрдам кўрсатилаётганини маълум қилганди. 2024 йил 21 февраль куни эса у депортация марказидан чиқарилган.