Вазирлар Маҳкамасининг 18 февраль кунги қарори билан «Давлат харидларида Ягона етказиб берувчилар реестрига киритиш бўйича давлат хизматларини кўрсатишнинг маъмурий регламенти» тасдиқланди.

Маъмурий регламент давлат харидларида Ягона етказиб берувчилар реестрига киритиш бўйича давлат хизматини кўрсатиш тартибини белгилайди.

2025 йил 1 апрелдан юридик ва жисмоний шахсларни Ягона етказиб берувчилар реестрига киритиш учун аризалар Давлат хизматлари маркази ва Ягона интерактив давлат хизматлари портали (my.gov.uz) орқали қабул қилинади.

Аризалар ЯИДХП орқали дам олиш ва байрам кунларидан қатъи назар, ҳар куни 24 соат давомида юборилиши мумкин. Давлат хизматини кўрсатганлик учун тўлов ундирилмайди.

Ваколатли орган ариза тушган кундан бошлаб 15 иш кунида Реестрга ягона етказиб берувчи сифатида киритиш ҳақидаги аризани кўриб чиқади.

Талабгорнинг реестрга киритиш ҳақидаги аризаси ва унга илова қилинган маълумотлар ваколатли орган томонидан ариза келиб тушган кундан бошлаб 2 иш куни ичида Порталга мажбурий жамоатчилик муҳокамаси учун жойлаштирилади.

Талабгор аризаси ушбу Маъмурий регламент талабларида назарда тутилган маълумотлар билан тўлиқ тақдим этилганда, ваколатли орган, Рақобатни ривожлантириш ва истеъмолчилар ҳуқуқларини ҳимоя қилиш қўмитаси, Техник жиҳатдан тартибга солиш агентлиги ҳамда «Лойиҳалар ва импорт контрактларини комплекс экспертиза қилиш маркази» ДУК томонидан ЯИДХП орқали кўриб чиқилади.

Давлат хизматлари маркази ёки ЯИДХП орқали келиб тушган ариза бўйича юқорида номлари қайд этилган ташкилотлар беш иш куни давомида ўзларининг ахборот базаларидаги ва (ёки) очиқ манбалардаги маълумотлардан фойдаланган ҳолда, талабгорни ягона етказиб берувчи сифатида реестрга киритиш ёки киритмаслик юзасидан хулоса тақдим этади.

Агар аризада кўрсатилган товарлар (ишлар, хизматлар) тўғрисида очиқ манбалардан маълумотлар олиш имконияти бўлмаганда ёки товарлар (ишлар, хизматлар) хусусиятларини таърифлашнинг бошқа етарлича аниқ усули мавжуд бўлмаган ҳолларда, ваколатли орган бозорда ушбу товарларнинг (ишларнинг, хизматларнинг) муқобили мавжудлигини аниқлаш учун ариза келиб тушган кундан бошлаб уч иш куни мобайнида республика ижро этувчи ҳокимият органлари ва хўжалик бирлашмаларига ЯИДХП орқали аризани юборади.

Республика ижро этувчи ҳокимият органлари ва хўжалик бирлашмалари ваколатли орган томонидан юборилган ариза келиб тушган кундан бошлаб беш иш куни мобайнида ўзларининг ахборот базаларидаги ва (ёки) очиқ манбалардаги маълумотлардан фойдаланган ҳолда, аризада кўрсатилган товарнинг (ишнинг, хизматнинг) бозорда муқобили мавжуд ёки Мавжуд эмаслиги ҳақидаги хулосасини тақдим этади.

Аризани кўриб чиқиш учун республика ижро этувчи ҳокимият органлари ва хўжалик бирлашмаларининг хулосалари талаб этилган ҳолларда, аризани кўриб чиқиш муддати ариза тушган кундан бошлаб бир ой муддатдан ошмаслиги зарур.

Ваколатли орган ариза берувчи томонидан такдим этилган маълумотлар, республика ижро этувчи ҳокимият органлари ва хўжалик бирлашмалари томонидан тақдим этилган хулосалар ҳамда аризани кўриб чикиш давомида тўпланган бошқа маълумотлар асосида аризани қаноатлантиради ёки қаноатлантиришни рад этади.

Талабгор давлат органлари ва бошқа ташкилотлар ходимларининг хатти-ҳаракатлари юзасидан қонунчилик ҳужжатларида белгиланган тартибда шикоят қилиши мумкин. Ушбу регламент талаблари бузилишида айбдор бўлган шахслар қонунчилик ҳужжатларида белгиланган тартибда жавоб беради.