Жиноят ишлари бўйича Қашқадарё вилояти Қарши шаҳри суди маст ҳолда машина бошқариб фуқаро ўлимига сабабчи бўлган ҳайдовчига ҳукм ўқиди. Бу ҳақда Sevimli телеканалида хабар берилди.
Қайд этилишича, яшаш уйида кечгача спиртли ичимлик истеъмол қилган шахс Damas автомобилида Қарши шаҳрига борган. У шаҳарда пиёдалар ўтиш жойидан ўтаётган 3 киши — эр-хотин ва унинг боласини уриб юборган. ЙТҲ оқибатида эркак вафот этган.
«Сени бир йил кўролмайман. Маза қилиб айланиб келайлик. Уй оламиз, бошқа нарса оламиз, деб хурсанд бўлиб кетаётгандик. Биринчи «пешеход»дан ўтдик, иккинчисида эса авария бўлдик… Тарсиллаган, чирсиллаган овозни эшитдим, авария кўз олдимда бўлди, лекин ҳеч нимани эслолмайман. Фақат эримнинг ётган ҳолатини кўрдим, ўғлимнинг қаерга учиб кетганини кўрганим йўқ. Ҳайдовчи машинасидан чиқиб келганида уни урдим, кейин ўғлимни қўлимга келтириб беришди», — дея эслади марҳумнинг турмуш ўртоғи суд мажлисида.
Тергов жараёнида айбланувчи кучли маст ҳолатда бўлганидан нима учун Қаршига борганини эслолмаслиги ва автоҳалокат содир этганини ҳис қилмаганини билдирган. У, шунингдек, айбига иқрорлиги ва суддан ўзига енгиллик беришни сўради.
Жабрланувчи эса даъвоси йўқлиги, ҳайдовчига қамоқ билан боғлиқ бўлмаган жазо тайинлашни илтимос қилди.
«Даъвом йўқ, деяпсиз. Эътирозимиз йўқ. Шунинг учун ҳам 2 йил жазо бердик. Аслида бу ерда жазо жиддийроқ эди. Бу киши ўша куни қишлоғида спиртли ичимлик ичган, ўзи айтиб беряпти. Даъвонгиз йўқлигини эътиборга олиб, бор имкониятни қилиб, қонуний енгилликни бериб бўлдик. Лекин қилинган ҳаракати учун қонун олдида жавоб бериши шарт», — деди суд раиси
Иш якунида ҳайдовчи 2 йил муддатга барча турдаги транспорт воситаларини бошқариш ҳуқуқидан маҳрум қилинган ҳолда 2 йил муддатга озодликдан маҳрум қилиш жазоси тайинланди.