АҚШ президенти Дональд Трамп Украинада президентлик сайловларини ўтказишга чақирди. Бу Владимир Зеленский Киевни Саудия Арабистонидаги Россия-Америка музокараларига қўймагани учун АҚШни танқид қилганидан кейин рўй берди, деб ёзмоқда CNN ва The Guardian.

«Улар музокаралар столидан жой олишни истайди, лекин сиз айтишингиз мумкинки… Украина халқи овоз бериш ҳуқуқига эга эмасми? Уларда анчадан бери сайлов бўлмаганди. Бу Россия мавзуси эмас, бу мендан, бошқа мамлакатлардан келаётган мавзу», — деди Трамп.

«Бизда Украинада сайловлар ўтказилмаган, амалда Украинада ҳарбий ҳолат ҳукм сурган вазият юзага келди. Украина етакчисини — менга бу ҳақда гапириш ёқимсиз — қўллаб-қувватлаш рейтинги 4% ни ташкил қилмоқда (Трамп бу рақамни қаердан олгани аниқ эмас — таҳр.). Мамлакат парчаланиб кетган, шаҳарларнинг аксарияти вайрон бўлган. Бинолар вайрон бўлган. Бу сносга тушган улкан майдонга ўхшайди», — деди АҚШ президенти.

Трампнинг айтишича, Киев вакилларига музокаралар столидан жой берилмагани учун Украинанинг «ҳафсаласи пир бўлган». АҚШ президентига кўра, «ярим жон» музокарачи кўп йиллар олдин можарони «сезиларли миқдордаги ҳудудни бой бермасдан» ҳал қилиши мумкин эди.

Бундан ташқари, Трамп ўз баёнотида можарони келтириб чиқаришда Украинанинг ўзини айблади. «Бугун эшитиб қолдим: „Бизни таклиф қилишмади“. Уч йилдан бери ўша ердасиз. Сиз бошламаслигингиз керак эди. Келишсангиз бўларди», — деди у.

Трамп, шунингдек, Зеленский «ўтган ҳафта унга берилган пулларнинг ярми қаерда эканини билмаслигини айтганини» таъкидлади. «Хўш, биз уларга 350 миллиард доллар бердик, деб ўйлайман, лекин, фараз қилайлик, камроқ. Аммо бу, бу жуда кўп», — деди АҚШ президенти. Эҳтимол, у Зеленскийнинг Associated Press`га берган интервьюсида АҚШ ажратган 177 миллиард доллардан Украина 76 миллиард долларни олгани ҳақидаги сўзларини назарда тутгандир, дея ёзди Meduza.

Ар-Риёдда бўлиб ўтган Россия-АҚШ музокараларига изоҳ берар экан, Трамп АҚШ ва Россия учрашувидан кейин келишув тузилишига «анча кўпроқ ишонишини» айтди. «Жуда яхши ўтди. Россия нимадир қилмоқчи. Улар бу ваҳшийликни тўхтатмоқчи», — деди Трамп.

У февраль ойи охиригача Россия президенти Владимир Путин билан учрашиши мумкинлигини қўшимча қилди. «Менимча, менда бу урушни тугатиш учун куч бор ва ўйлайманки, ҳаммаси жуда яхши кетмоқда», — деди АҚШ президенти.

Трамп агар урушни тўхтатиш бўйича келишув тузилса, Европа давлатлари Украинага тинчликпарвар кучларни юбориши тарафдори эканини айтди. «Мен биламан, Франция буни қилишга тайёр эди ва мен буни ажойиб ишора деб ўйладим», деб айтган Трамп Буюк Британия ҳам худди шундай таклиф билан чиққанини таъкидлаб ўтди. Шу билан бирга, унинг сўзларига кўра, АҚШ тинчликпарвар кучларни юбормайди, чунки «биз жуда узоқда жойлашганмиз».

Зеленский 18 февраль куни Ар-Риёддаги музокараларда Россия ва АҚШ вакиллари иштирок этганини, аммо у ерда Украина вакиллари бўлмаганини айтиб, «Украина ҳақида, яна Украина ҳақида ва Украинасиз», — деди.

Зеленский 2019 йилдан буён Украина президенти лавозимида ишлаб келмоқда. Янги президентлик сайловлари 2024 йил апрель ойида бўлиб ўтиши керак эди, аммо уруш пайтида сайлов кампаниясини ўтказиш Украина Конституцияси билан тақиқланган.

Зеленскийни қонуний президент деб ҳисоблашдан бош тортаётган Россия ҳукумати Украинада янги сайловлар ўтказишни талаб қилмоқда. Зеленскийнинг айтишича, Россия ундан «энди уруш бошидаги каби жисмонан эмас, балки сиёсий жиҳатдан» қутулишга интилмоқда. «Ва бу мутлақо тушунарли, чунки мен жуда ноқулай одамман, Путин учун ноқулай», — деди Зеленский.