Тошкентнинг Амир Темур кўчасидаги тартибга солинмаган пиёдалар ўтиш жойида, яқинда аёл икки нафар фарзанди билан уриб юборилган ҳудудда светофорлар ўрнатила бошланди. «Газета.uz» эрталаб шаҳар ҳокимияти ва ЙҲХБни бунга даъват этганди.

«Газета.uz» мухбири Евгений Сорочин воқеа жойида суҳбатлашган ЙҲХБ ходими ўтиш жойидан ҳаракатланиш жуда қийинлигини — автомобилларнинг камдан-кам тўхташини тасдиқлади.

амир темур кўчаси, йҳхб, тошкент

Ўзбекистон ИИВ ЖХД ЙҲХХ Йўл инфратузилмасини назорат қилиш бўлинмаси бошлиғи ўринбосари, подполковник Бахтиёр Ғофуровнинг айтишича, ишлар келаси ҳафта бошигача якунланиши мумкин.

амир темур кўчаси, йҳхб, тошкент

Вазирлик вакилининг маълум қилишича, кўчма консоллардаги янги светофорлар йўл ўтказгичнинг нариги томонидаги худди шундай ўтиш жойида жойлашган светофорлар билан бир хил босқичда ишлайди.

амир темур кўчаси, йҳхб, тошкент

Ҳозирда таянчлар ўрнатилиб, цемент қуйилган. У қотгандан сўнг транспорт ва пиёдалар учун светофорлар ўрнатилиб, тармоққа уланади.

Бахтиёр Ғофуров тартибга солинмаган ўтиш жойлари «оғриқли мавзу» эканини тан олди. Бутун республикадаги йўллар унинг масъулият доирасига киради ва шу пайтгача «ягона умумий мезон» бўлмагани сабабли светофорсиз пиёдалар ўтиш жойлари кўплигича қолмоқда.

амир темур кўчаси, йҳхб, тошкент

Унинг сўзларига кўра, бу ерда уч кун давомида транспорт оқими, унинг кечки ва эрталабки жадаллиги ўрганиб чиқилган.

Подполковник мурожаат бўйича светофорларни тўсиб қўйиши мумкин бўлган реклама тахтасини дарҳол олиб ташлаган ҳокимлик ишини алоҳида таъкидлади (қуйидаги суратда).

амир темур кўчаси, йҳхб, тошкент

«Оролчалар»: ғоя тўғри, ижро нотўғри

Ҳайдовчиларнинг норозилигига сабаб бўлган пиёдалар ўтиш жойлари ва бурилиш жойлари олдидаги «оролчалар» ҳақида у «ғоя яхши бўлганини» айтди. Бу ҳақда «Газета.uz» ҳам ёзганди — қарор тўғри эди, аммо ишларнинг кетма-кетлиги ва йўл чизиқлари тўғри эмас эди.

амир темур кўчаси, йҳхб, тошкент

Йўл чизиқлари нотўғри бўлганини Бахтиёр Ғофуров ҳам тасдиқлади: ишни «оролчалар»дан бошламасдан, бир вақтнинг ўзида йўл чизиқларини янгилаш керак эди.

Шу билан бирга, «оролчалар» кесиб ўтишни тақиқламайдиган сариқ чизиқ билан белгиланган, деди у (қуйидаги сурат 20 февралда олинган).

амир темур кўчаси, йҳхб, тошкент

Тўлақонли чорраҳа яратиш

ЙҲХХ вакили, шунингдек, автомобиллар узоқ масофани айланиб ўтмаслиги учун йўл ўтказгич остидан тўлақонли чорраҳа очиш масаласи кўриб чиқилаётганини маълум қилди. Кўпинча ҳайдовчилар бурилиш учун ҳатто икки қатор бўлиб тизилиб туришади. Бу ушбу кесишмани анча хавфсиз ва мантиқий қилади.

Чорраҳани қайта ташкил этишнинг дастлабки режаси. Бу режа қайта кўриб чиқилади.Чорраҳани қайта ташкил этишнинг дастлабки режаси. Бу режа қайта кўриб чиқилади.

Бахтиёр Ғофуров лойиҳа жамоатчилик муҳокамасига қўйилиши режалаштирилганини қўшимча қилди.

амир темур кўчаси, йҳхб, тошкент

Таъкидлаш жоизки, бу ерда нормал чорраҳа ташкил этиш таклифи («Чилонзор» метро бекати ёнидаги йўл ўтказгич остидаги каби ҳаракат схемаси билан) кўп йиллардан бери билдириб келинмоқда.

Бошқа хавфли ҳудудларни унутмаслик керак

Худди шу кўчанинг Олой бозори ёнидан ўтувчи қисмидаги хавфли ўтиш жойи ҳам светофорга муҳтож. «Газета.uz» йўл ўтказгичга светофорлар ўрнатилгандан сўнг мутахассислар бу ерга ҳам эътибор қаратишига умид қилмоқда.

Худди шу кўчада қўшимча чорраҳалар (масалан, телеминора ёнида) ва бурилиш жойларини (масалан, «Шаҳристон» метро бекати ёнида) очиш ҳам фойдали бўларди. Бу мавжуд чорраҳаларга босимни сезиларли даражада енгиллаштириб, барча ҳаракат иштирокчилари, биринчи навбатда, пиёдалар хавфсизлигини оширган бўларди.