Андижон вилояти Шаҳрихон туманида 2014 йилда содир этилган жиноят орадан 11 йил ўтиб фош этилди. Бу ҳақда ИИВ Тезкор қидирув департаменти хабар берди.
Идора ахборот хизматига кўра, вилоятда Ички ишлар вазирлиги ва Давлат хавфсизлик хизмати ҳудудий бўлимлари ходимлари иштирокида «Тозалаш» махсус профилактик тадбирлари олиб борилмоқда.
Шундай операциялардан бирида 2014 йил 21 май куни босқинчилик жиноятини содир этиб, воқеа жойидан қочиб кетган шахс қўлга олинди. Маълум бўлишича, у шериги билан ўзганинг хонадонига бостириб кириб, пул талаб қилган.
Ниқобланган шахслар агар ички ишлар органига қўнғироқ қилинса, оиланинг барча аъзоларини ўлдириш билан таҳдид қилган. Шундан сўнг хонадон эгасининг қўл телефони синдирилган. Икки нафар шахс ўша заҳоти воқеа жойидан қочиб кетган.
Департаментнинг маълум қилишича, Андижондаги тезкор тадбирлар давомида улардан бири қўлга олинди. Ундан жиноятни содир этишда фойдаланилган ов милтиғи ашёвий далил сифатида расмийлаштириб олинган. Иккинчи гумонланувчи қидирилмоқда.
Бундан ташқари, вилоятнинг Хўжаобод туманида ўтказилган тадбирда 1984 йилда туғилган шахс бошқарувидаги Lacetti тўхтатиб текширилганда машина ичида жами 2 кило гашиш гиёҳвандлик воситаси борлиги аниқланди.
Қидирувлар давомида фуқаро яшаш хонадонида ноқонуний майнинг фермаси ташкил этгани аниқланди. Хонадондаги майнинг қурилмалари ва совитиш омбори туман электр тармоқлари корхонаси билан шартнома тузмасдан, тармоққа уланган. Бунинг оқибатида давлат манфаатларига 1,2 млрд сўм миқдорида зарар етказилган.