Қурилиш ва уй-жой коммунал хўжалиги вазирлиги ҳамда Golden House қурилиш компанияси «Газета.uz»га Тошкентдаги «Анҳор Локомотив» ва «Наврўз» боғлари ҳудудида турар жой ва ишбилармонлик мажмуалари қурилаётгани ҳақидаги хабарларни рад этди.

Сўнгги кунларда пойтахт аҳолиси ва блогерлар бир неча кун аввал интернетда пайдо бўлган боғ ҳудудида жойлашган кўп қаватли мажмуа лойиҳасининг визуализациясидан хавотир билдирди. Фаоллар боғ ҳудудида қурилиш ишлари олиб борилишига қарши имзо тўплашни бошлади.

Бироқ Қурилиш вазирлигининг маълум қилишича, боғлар ҳудудида ҳеч қандай қурилиш кўзда тутилмаган.

«Айни пайтда „Анҳор“ ва „Наврўз“ боғлари ҳудудида турар жой бинолари қурилиши учун ҳеч қандай келишилган лойиҳа ҳужжатлари мавжуд эмас. Бугунги кунда боғ ўз ҳолича қолмоқда ва ҳеч қандай қурилиш режалаштирилмаган», — дейди Қурилиш вазирлиги архитектура ва шаҳарсозликни ривожлантириш бошқармаси бошлиғи Азизхон Усмонов.

Боғларни бошқарадиган Anhor Evolution компанияси директори Азиз Шарафутдинов ҳам уларнинг ишлари одатдагидек давом этишига ишонтирди:

«Кўпчилик ижарачилар билан 2025 йил охиригача, айримлари билан эса 2026 йилгача амалда бўлган шартномаларимиз бор. Ҳеч ким ҳеч нарсани бузишни режалаштирмаяпти, боғларнинг иш режимида ўзгаришлар йўқ. Тўғри, „Анҳор“ савдо марказида реконструкция ишлари олиб борилмоқда. Лекин бу бино боғлар таркибига кирмайди, у хусусий шахсларга тегишли», — деди у.

Шаҳар аҳолисини хавотирга солган вазият интернетда Golden House компаниясига тегишли бўлган келажакдаги лойиҳанинг визуализацияси пайдо бўлиши туфайли юзага келди. Девелопер ҳам ўз сайтида расмий изоҳ берди.

«Orient Group Management компанияси (у Golden House’ни ҳам ўз ичига олади — таҳр.) Golden House девелопери ҳам, Orient гуруҳнинг бошқа компаниялари ҳам ушбу лойиҳани амалга оширишни ёки хабарда таъкидланган майдончада қурилишни режалаштирмаганлигини маълум қилади. Интернетда тарқатилган визуализация 2024 йилда компаниядан кетган Golden House’нинг собиқ ходимининг ички тақдимотидан олинган».

Таъкидланишича, ишчи гуруҳлар мунтазам равишда компания ва ташқи ҳамкорлар томонидан кщриб чиқиш учун турли лойиҳаларни тақдим этади, бироқ ҳаммаси ҳам маъқулланавермайди.

Orient Group Management компанияси «Анҳор» боғи ҳудудида жойлашган «Анҳор» савдо марказига эгалик ҳуқуқини бошқа хусусий компанияга ўтказмоқчи. Фақатгина савдо маркази ўрнида бошқа компания янги бино қуришни режалаштирмоқда.

Spot аввалроқ боғдаги асосий йўл бўйида жойлашган савдо маркази биноси ўз фаолиятини деярли тўхтатгани ҳақида хабар берган эди. Болалар кийимлари дўконлари, косметика дўконлари, FixPrice, савдо майдончалари ва Makro супермаркети ёпилган. Фудкортдаги баъзи ресторанлар ишини тўхтатган, бироқ айрим муассасалар ҳали ҳам буюртмаларни қабул қилмоқда.

Илгари 100% Golden House Property Group’га (ҳозирда — Unique Trade Business) тегишли бўлган The Tower FMG компанияси Anhor Park савдо маркази лойиҳасини лойиҳалашда иштирок этган. Боғ маъмуриятининг Spot’га маълум қилишича, айни пайтда савдо маркази биноси ҳам The Tower FMG бошқарувида.

«Golden House ҳақида бундай фикрларни билдираётган нашрлар бизни жуда ҳайратда қолдирди. Компаниянинг ички тақдимотидаги маълумотни интернетга ким ва нима мақсадда жойлаштиргани ҳамда тошкентликларнинг норозилигига сабаб бўлганини билмаймиз. Афсуски, бу масалани ёритиб келаётган ОАВ вакиллари ва блогерларнинг ҳеч бири биз билан боғланиб, расмий тушунтириш сўрагани йўқ. Golden House пойтахтнинг бошқа ҳудудларида ҳам қатор лойиҳаларни амалга оширмоқда ва „Анҳор“ ва „Наврўз“ боғларида иш олиб боришни режалаштирмаяпти», — деди Golden House бош директори Владимир Калина.

Унинг сўзларига кўра, Golden House’нинг «бу объектлар, айниқса, боғларнинг яшил ҳудудлари бўйича мутлақо режалари йўқ».

Эслатиб ўтамиз, боғда қайта қурилиш режалаштирилаётгани ҳақидаги илк хабарлар ижтимоий тармоқларда 10 кун аввал — 9−10 февралда пайдо бўлган эди. 15 февраль куни «Космонавтлар боғимизни ҳимоя қиламиз» Telegram канали лойиҳага қарши имзолар тўпланаётганини эълон қилди.

Компания ва Қурилиш вазирлигининг изоҳи Экологик партия депутати 19 февраль куни Бош прокуратура, Қурилиш вазирлиги ва Тошкент шаҳри ҳокимлигига «Анҳор Локомотив» боғини қайта қуриш режалари юзасидан сўров юборганидан сўнг пайдо бўлди. Расмийлар боғнинг дам олиш маскани бўлиб қолиши ёки йўқлиги ва унинг ҳудудида турар жой бинолари, меҳмонхона ва спорт мажмуаси қурилиши қонунийми ёки йўқлигини тушунтириши керак эди.