19 февраль куни Арманистон бош вазири Никол Пашинян мамлакат конституциясини ўзгартиришга чақирди, бу азалий рақиблар ўртасида тинчлик шартномасини тузишга ёрдам бериши мумкин бўлган, Озарбайжон томонидан талаб қилинган қадамдир, деб хабар берди Reuters.
«Янги конституциянинг умумхалқ референдуми орқали қабул қилиниши жуда муҳим», — деди Пашинян телевидение орқали чиқишида ва амалдаги ҳужжат қонуний эмаслигини қўшимча қилди.
У референдум санасини белгиламади ва янги конституция лойиҳасида нималар бўлишига аниқлик киритмади.
Ўттиз йилдан ортиқ вақтдан бери Арманистон билан зиддиятда бўлган Озарбайжоннинг таъкидлашича, Арманистоннинг ҳозирги конституцияси унинг ҳудудига нисбатан билвосита даъволар қилади, Ереван эса буни инкор этади.
Арманистон ва Озарбайжон 1980 йилларнинг охиридан бери асосан арманлар яшайдиган Озарбайжоннинг Тоғли Қорабоғ минтақаси учун вақти-вақти билан уруш олиб борарди.
2023 йил сентябрь ойида Озарбайжон Тоғли Қорабоғни қайтариб олди, бу ҳудуднинг де-факто ўттиз йиллик мустақиллигига чек қўйди ва унинг деярли 100 минг этник арманининг барчасини Арманистонга кетишга ундади.
Ўшандан бери иккала томон ҳам можарони расман тугатиш учун шартнома имзоламоқчи эканликларини айтишган бўлса-да, музокаралар суст кечди ва ривожланиш секинлашди.
Мамлакатлар расмий дипломатик алоқаларга эга эмас ва уларнинг 1000 км умумий чегараси ёпиқ ва кучли ҳарбийлаштирилган ҳолатда бўлиб қолмоқда.