Дональд Трамп Канадада бу йил ўтадиган Парламент сайловларини остин-устин қилишга «ҳисса қўшди»: расмий мухолифат консерваторлари учун осон ғалаба бўлиб туюлган нарса ҳатто боши берк кўчага кириб қолиши мумкин бўлган кучли пойгага айланди, деб ёзмоқда Reuters.
Пьер Пуальевр бошчилигидаги ўнг қанот консерваторлар деярли ўн йиллик ҳокимиятидан сўнг Канадани заволга етаклашда айбланган бош вазир Жастин Трюдонинг либералларидан 18 ой давомида устун бўлиб келди. Аммо энди бу тахминий ғалаба унчалик ишончли кўринмаяпти, деб таъкидлайди нашр.
Трюдонинг ўтган ойда истеъфога чиқишини эълон қилиши, кейин эса АҚШ президенти Трампнинг Канададан импорт қилинадиган барча маҳсулотларга ҳалокатли божлар жорий этишга ваъда бериши бу жараёнга таъсир ўтказди.
«Охирги тўрт ҳафтадаги ўзгаришларга қарасангиз, бу бутунлай янги дунё… катта ўзгариш — Трамп», — деди Nanos Research асосчиси Ник Нанос.
Сешанба куни Нанос томонидан эълон қилинган сўров натижаларига кўра, консерваторлар 39 фоиз жамоатчилик қўллаб-қувватлашини олган бўлса, либераллар 32 фоиз тўплаган. Агар сайлов кунида ҳам бундай натижа бўлса, консерваторларнинг Жамоатчилик палатасидаги 343 ўриннинг кўпчилигини қўлга кирита олмаслиги аён бўлади.
Бу эса заиф озчилик ҳукуматини англатади, ҳокимиятдаги партия Канаданинг энергия ва минерал ресурслар сиёсати ва энг йирик савдо шеригининг муаммолари каби асосий масалаларни ҳал қилишдан кўра ўзи омон қолишига кўпроқ эътибор қаратади, деб ёзади Reuters.
Либераллар Трамп ва Пуальевр ўртасидаги ўхшашликларга урғу бермоқда: ўтган якшанбада улар давлат байроғини тарғиб қилувчи, рақибларини ҳақоратловчи ва оммавий ахборот воситаларига ҳужум қилувчи икки эркак ўртасидаги тўғридан-тўғри ўхшашликларни акс эттирувчи видеони эълон қилишди.
«Сўзларингиз Дональд Трампникидек янграркан, Канада номидан қандай гапира оласиз?» номли 35 сонияли видеода Трамп ва Пуальевр деярли бир хил ибораларни талаффуз қилган лавҳалар кўрсатилган ва Пуальевр тўғри номзод эмаслиги қайд этилган.
20 октябрга қадар ўтказилиши керак бўлган навбатдаги сайловлар учун консервативлар маслаги Трюдога қарши кураш ва федерал углерод солиғининг режалаштирилган оширилишига қарши чиқишга асосланганди.
Аммо Трюдо кетмоқда ва унинг ўрнини эгаллашга асосий даъвогарлар — собиқ молия вазири Христя Фриланд ва собиқ марказий банкир Марк Карни — иккаласи ҳам Трампга қарши туриб, солиқни кесишга ваъда бермоқда.
«Канадаликлар илгари содир бўлган воқеаларни унутишди, бу эса либералларга етакчилик учун кураш орқали ўзларини қайта тиклаш имкониятини яратди», — деди Ipsos Public Affairs сўровнома компанияси бош директори Даррелл Брикер.
Консерваторлар ўз стратегиясини ўзгартираётгани ҳақидаги гап-сўзлар фонида Пуальевр ўтган шанба куни нутқ сўзлади, унда у «Парчаланган Канада» ҳақидаги гап-сўзлардан воз кечди ва «Канада биринчи»га интилишга ваъда берди.
У Трюдони мамлакатни заиф иқтисодиёт, уй-жой инқирози ва бой табиий ресурслардан тўлиқ фойдалана олмаслик ҳолатида қолдирган сиёсат учун айблади. «ОАВда тариф таҳдиди туфайли режаларимни ўзгартиришим кераклиги айтилмоқда. Аслида, Трампнинг тарифлар бўйича таҳдидлари консерваторларнинг ҳамма нарсада ҳақ эканини исботлади», — деди у.
Марк Карни рақобати
45 ёшли Пуальевр бутун фаолиятини сиёсатда ўтказган. 59 ёшли Карни — иккита G7 марказий банкига раислик қилган ягона шахс — ўзини йирик инқирозлар билан шуғулланган одам деб ҳисоблайди.
Сўнгги кунларда Angus Reid ва Leger томонидан ўтказилган сўровлар шуни кўрсатдики, агар Карни либерал етакчилик учун курашда ғалаба қозонса, либераллар ва консерваторлар статистик жиҳатдан деярли тенг бўлади.
Канадаликлар аслида ҳозир нима деб ўйлашлари ҳақидаги сўровномалар ҳали ҳам консерваторлар олдинда эканини кўрсатмоқда.
Консерватив партиянинг собиқ юқори мартабали ходими, ҳозирда Strategy Corp жамоатчилик масалалари бўйича консалтинг компаниясининг вице-президенти Гарри Келлернинг айтишича, Пуальевр канадаликлар ҳали ҳам яшаш нархлари ва тўлов қобилияти ҳақида жуда ташвишланаётганини ҳис қилган.
«Шубҳасиз, тарифлар бунга таъсир қилади. Аммо бу нафақат тарифлар, балки либерал ҳукуматнинг сўнгги тўққиз йиллик рекордидир», — деди у.
Либераллар янги етакчини 9 март куни эълон қилиши керак, Карни, агар у ғалаба қозонса, Трамп билан ишлашда кучли мандат олиши кераклиги, шунинг учун зудлик билан сайлов ўтказиши мумкинлигини айтганди.
«Канада ўзини АҚШ билан бирга кўрарди»
Канаданинг Калгари шаҳрида яшовчи ўзбекистонлик Фарҳод Файзуллаев мамлакатдаги воқеалар ҳақида шундай ёзмоқда:
«Шу кунларда Канаданинг Евроиттифоқ билан алоқаларини янада мустаҳкамлашиши, ҳатто ЕИга аъзо бўлиши ҳақидаги муҳокамалар ҳам кун тартибига чиққан… Саккиз йилдан кўпроқ Канадада яшадим. Канада сиёсий элитаси ҳам, жамияти ҳам ўзини АҚШ билан бирга кўрарди. Одамлар АҚШга бордим эмас, Нэшвиллга, Нью-Йоркка ёки Сиэтлга бордим дейишарди, худди қўшни қишлоққа боргандек. Аммо бугун мамлакатда мисли кўрилмаган миллий уйғонишни кўряпмиз. Канадаликлар ўзларини қайта кашф қилишяпти, чамамда».