Сенатнинг тшртинчи ялпи мажлисда «Қурилиш майдонларида чанг ва қум заррачаларининг ҳавога кўтарилишини бартараф этишга доир мажбурий талаблар белгиланиши муносабати билан Ўзбекистон Республикасининг Маъмурий жавобгарлик тўғрисидаги кодексига қўшимчалар ва ўзгартириш киритиш ҳақида»ги қонун мақулланди.

Қонун билан, Маъмурий жавобгарлик тўғрисидаги кодексга ўлчами 500 квадрат метр ва ундан ортиқ бўлган қурилиш майдонида, унга туташ бўлган ҳудудда ҳамда ундан чиқиш йўлларида чанг ва қум заррачаларининг ҳавога кўтарилишини бартараф этмаган, шунингдек, ушбу ҳудудларда ифлослантирувчи моддаларнинг йўл қўйиладиган доирадаги нормативлардан ортиқ даражада атмосфера ҳавосига чиқарилишига йўл қўйган мансабдор шахсларга базавий ҳисоблаш миқдорининг 10 баравари миқдорида, агар шундай ҳуқуқбузарлик маъмурий жазо чораси қўлланилганидан кейин бир йил давомида такроран содир этилса, базавий ҳисоблаш миқдорининг 50 баравари миқдорида жарима қўллашни назарда тутувчи 85−1-моддаси билан тўлдирилмоқда.

Бунда, давлат экологик назорати инспекцияси мазкур ҳуқуқбузарликларни аниқлашга ҳамда жавобгарликка тортишга масъул бўлиши белгиланмоқда.

Қайд этилишича, бугунги кунда республика шаҳарларида чанг кўтарилиши ҳолатлари тез-тез учраб турибди. Бу кўрсаткич бир йилда ўртача 50−80 кунни ташкил этмоқда.

Маълумотларига кўра, 500 квадрта метрлик очиқ қурилиш майдонидан йилига ўртача 50 тонна чанг ва қум зарралари ҳавога кўтарилади.

Қурилиш майдонида, унга кириб-чиқиш йўлларида чанг ва қум заррачаларининг ҳавога кўтарилишини бартараф этиш бўйича мажбурий талаблар (чангни бостириш учун осма ёмғирлатгич ва сув пуркагичлардан фойдаланиш) шаҳарсозлик қоидаларига киритилган.

«Бироқ, миллий қонунчиликда атмосфера ҳавосини муҳофаза қилиш талаблари ва шаҳарсозлик қоидалари доирасида айнан қурилишда чангни ҳавога кўтарилишига йўл қўйганлик учун аниқ жавобгарлик назарда тутилмаган. Шу сабабли, ушбу талабларни бузганлик учун жавобгарликни белгилаш орқали чанг-тўзонга бефарқ бўлмаслик бўйича пудратчиларнинг масъулиятини ошириш зарурати пайдо бўлмоқда», — дейилади Сенат мажлисида.