Коста-Рика ҳукумати Қўшма Штатлар билан чегарани ноқонуний кесиб ўтган Марказий Осиё ва Ҳиндистоннинг АҚШдан депортация қилинган 200 нафар фуқаросини қабул қилишга рози бўлди, деб ёзмоқда New York Times.

«Коста-Рика ҳукумати 200 нафар ноқонуний муҳожирни ўз мамлакатларига қайтаришда АҚШ билан ҳамкорлик қилишга рози бўлди. Улар Марказий Осиё ва Ҳиндистон фуқароларидир», — дейилади Коста-Рика президенти маъмурияти баёнотида.

Коста-Рика президенти Родриго Чавеснинг сўзларига кўра, депортация қилинганлар орасида Ўзбекистон, Қирғизистон ва Қозоғистон фуқаролари бор. Унинг сўзларига кўра, келганлар олти ҳафтагача мигрантларни сақлаш марказида бўлади, шундан сўнг улар ватанига қайтарилади. Уларга муассаса ҳудудини тарк этиш тақиқланади.

Депортация қилинганларни қайтариш жараёни тўлиқ АҚШ ҳукумати томонидан молиялаштирилади ва БМТ ҳузуридаги Халқаро миграция ташкилоти назорати остида амалга оширилади, дея таъкидлади Коста-Рика президенти маъмурияти.

NBC News маълумотларига кўра, АҚШдан Коста-Рикага биринчи депортация рейси пайшанба куни учиб кетган ва мамлакатга куннинг иккинчи ярмида етиб келиши кутилмоқда. Телеканал маълумотларига кўра, самолёт бортида 135 нафар ноқонуний муҳожир бор. Уларнинг деярли ярми вояга етмаганлардир. Чиқариб юборилганлар орасида камида икки нафар ҳомиладор аёл бор.

Коста-Рика ички ишлар вазири ўринбосари Омер Бадилланинг аниқлик киритишича, ушбу рейс билан Тожикистон, Вьетнам, Грузия ва Озарбайжондан ҳам муҳожирлар олиб келинмоқда. Унинг сўзларига кўра, депортация қилинганларнинг шахсий вазияти «тўлиқ ўрганилади», уларнинг ҳаётига ўз ватанларида хавф йўқлигига ишонч ҳосил қилинади. Баъзилар Коста-Рикада қочқин мақомини сўрашлари мумкин.

Ўтган ҳафта АҚШдан депортация рейсларини Панама ҳам қабул қилди. Мамлакатга учта самолётда Марказий Осиё, Яқин Шарқ ва Африкадан ноқонуний муҳожирлар юборилган.