…USAID бизни ҳеч қачон молиялаштирмаган. Бошқа ҳеч бир ҳукумат ҳам (жумладан, Ўзбекистон), ҳеч бир ташкилот ёки гуруҳ ҳам бизни молиялаштирмайди. Бу бизнинг ишга тушганимиздан бери содиқ қолаётган принципиал қароримиздир.
Баъзи ўқувчилар тахмин қилганидек, материалларимиздан бирининг остида барча шарҳларни эълон қилишга рухсат бериш қароримиз тажриба эди. Бу биринчиси ва сўнггиси бўлди.
Ҳозирги даврда ҳатто айрим мамлакатлар раҳбарлари ва уларнинг вакиллари томонидан тарқатилаётган нотўғри маълумотлар оқимида соғлом фикр юритиш қийин. Аммо айнан ҳозир у ҳар қачонгидан ҳам муҳимроқ.
«Газета.uz» ҳар доим максимал даражада ҳаққонийликка интилган ва ўзини идеал деб ҳисоблашдан жуда узоқ.
Биз фақат нарсаларни ўз номи билан аташга интиламиз. Ҳақиқат — ҳақиқат (у «ҳамма учун ўзига хос» эмас, у ягона), ёлғон — ёлғон (айниқса, фактлар бир-биридан узоқ масофада ётса), анормал — анормал, зўравонлик — зўравонлик, уруш — уруш. Тўрт ҳар доим тўрт дегани.
Ўзбекистоннинг расмий ва норасмий шахслари, давлат органлари, ташкилотлари ёки компаниялари томонидан эълон қилинган номувофиқликларни ҳам худди шундай кўрсатамиз.
Айрим изоҳларга йўл қўймаслик, баъзи ўқувчиларнинг фикрига қарши ўлароқ, сўз эркинлигини чеклаш эмас. Сўз эркинлиги тушунчаларни қориштириш, ёлғон ва ҳақоратларга йўл қўйилишини англатмайди. Ва биз уларни тарқатишда кўмаклашишга рози эмасмиз.
Йиллар давомида биз билан бирга бўлган ўқувчиларга миннатдорлик билдирамиз. Севамиз, қадрлаймиз ва ҳурмат қиламиз!