20 февраль куни бир қатор Telegram каналларда тижорат банклари мижозлардан омонат пулларини ечиб олишда маблағ манбасини тасдиқлашни талаб қила бошлагани ҳақида хабарлар тарқалди. Ўзбекистон Марказий банки қонунчиликда бундай талаб йўқлигини қайд этиб, бундай ҳолларда регуляторга хабар беришни сўради.

«Амалдаги қонунчиликка асосан жисмоний шахслар ўзларига тегишли омонат ҳисобварақларидан пул маблағларини ечиб олаётганда ушбу маблағнинг келиб чиқиш манбаси тўғрисида маълумот талаб қилинмайди», — дейилади регулятор хабарида.

Бундан ташқари, Марказий банк молиявий хизматлар кўрсатилишига доир юзага келаётган муаммо ва камчиликларни аҳоли ҳамда тадбиркорлик субъектларининг мурожаатлари, шунингдек, бошқа манбалар орқали доимий равишда ўрганишини, уларни бартараф этиш чораларини кўриб боришини таъкидлаган.

Регулятор фуқаролардан банклардаги омонат ҳисобварағидаги пул маблағларини ечишда унинг келиб чиқиш манбаси тўғрисида маълумот талаб қилинса, Марказий банкнинг Банк хизматлари истеъмолчиларининг ҳуқуқларини ҳимоя қилиш хизматига хабар беришни сўраган. Бу хизматга қуйидаги рақамлар орқали боғланиш мумкин: 71 212−60−94, 71 212−73−62.

Шу билан бирга, банклар, микромолия ва тўлов ташкилотлари фаолиятида хизматлар кўрсатилишига оид истеъмолчиларнинг ҳуқуқлари бузилаётганлиги юзасидан мурожаатлар ёки таклифларни Марказий банкнинг info@cbu.uz электрон манзилига юбориш сўралган.