Фарғона вилояти Қўқон шаҳрида метан заправка 2,9 млрд сўмлик табиий газдан ноқонуний фойдалангани аниқланди. Бу ҳақда Бош прокуратура ахборот хизмати хабар берди.
Маълум қилинишича, «А.М.А» МЧЖ мансабдор шахслари жамиятга қарашли автомобилларга газ тўлдириш компресслаш шохобчасининг ўлчов қурилмаларига ташқи таъсир кўрсатиб, 2,9 млрд сўмлик табиий газни талон-торож қилган.
Мазкур ҳолат юзасидан жамият мансабдор шахсларига нисбатан Жиноят кодексининг 169-моддаси 4-қисми «а» (Жуда кўп миқдорда ўғрилик) банди билан жиноят иши қўзғатилган. Бу жиноятни содир этган топилган шахс саккиз йилдан ўн беш йилгача озодликдан маҳрум қилиш билан жазоланиши мумкин.
Бош прокуратура тадбиркорларга мурожаат қилиб, фаолияти давомида энергия ресурсларидан қонуний тартибда ва оқилона фойдаланишни сўраган. Ҳуқуқни муҳофаза қилувчи ва назорат органлари томонидан табиий газ ва электр энергиясидан ноқонуний фойдаланиш ҳолатларини фош этишга қаратилган кучайтирилган рейд тадбирлари давом этмоқда, дейилади хабарда.