Сенатнинг тўртинчи ялпи мажлисида «Ўзбекистон Республикасида фуқароларнинг виждон эркинлигини таъминлаш ва диний соҳадаги давлат сиёсати концепциясини тасдиқлаш тўғрисида»ги қонун кўриб чиқди.
Қонун лойиҳаси ва у билан тасдиқланаётган концепция лойиҳаси 2025 йилнинг 31 январь куни қуйи палата мажлисида биринчи ўқишда қабул қилиниб, 10 февралга қадар палата расмий веб-сайтига жамоатчилик муҳокамаси учун жойлаштирилган эди.
Концепция 7 та боб, 41 та банддан иборат. Унда диний соҳадаги давлат сиёсатининг мақсади ва унга хизмат қилувчи 10 та вазифа белгиланган. Хусусан, Ўзбекистонда диний соҳадаги давлат сиёсатининг мақсади фуқароларнинг виждон эркинлигига бўлган ҳуқуқларини амалга ошириш учун тенг шарт-шароитлар яратиш, турли динларга мансуб диний ташкилотлар ўртасида ўзаро муроса ва ҳурмат ўрнатилишига кўмаклашиш, конфессиялараро тотувликни мустаҳкамлаш ва жамиятда диний бағрикенгликни ва дунёвийликни таъминлашдан иборат.
Концепцияга кўра, диний соҳадаги давлат сиёсатининг асосий вазифалари эса қуйидагилардан иборат:
- фуқароларнинг эркинлиги ва қонун олдида тенглигини таъминлаш ва камситилишига йўл қўймаслик;
- кўп миллатли ва кўп конфессияли халқнинг бирдамлиги ва урф-одатларига ҳурматни мустаҳкамлаш;
- фуқароларнинг ижтимоий ҳаётда фаол иштирок этиши учун тенг ҳуқуқий шароитлар яратиш;
- диний қарашларни мажбуран сингдиришга йўл қўймаган ҳолда виждон эркинлиги ҳуқуқини амалга ошириш учун шароит яратиш;
- давлатнинг ички ва ташқи сиёсатини амалга оширишда конституция нормаларига мувофиқ дунёвийликка таяниш;
- давлат хизмати ва фуқаролик жамияти институтлари фаолиятида ҳамда ижтимоий муносабатларни дунёвийлик асосида тартибга солиш;
- диний бағрикенглик ва дунёвийликни қарор топтиришда фаол фуқаролик позициясини мустаҳкамлаш;
- давлат хизматчилари ўз касбий фаолиятида бирор бир динга ёки эътиқодга устунлик беришга ёхуд уларни камситишга йўл қўймаслик;
- жаҳон илм-фани ва маданиятининг илғор ютуқларидан баҳраманд бўлган ҳолда мамлакат илм-фани ва маданиятини ривожлантириш;
- радикаллашувга қарши курашиш, экстремизм ва терроризм ғоялари тарқалишига йўл қўймаслик.
Қонун сенаторлар томонидан маъқулланди. Ҳужжат имзолаш учун президентга юборилди.