Ўзбекистонда фуқароларга кредит олишдан ихтиёрий равишда воз кечиш ҳуқуқи берилиши мумкин. Тегишли қонун 20 февраль куни Сенатнинг тўртинчи ялпи мажлисида маъқулланди. Қонун қуйи палата томонидан 15 январь куни қабул қилинган.

««Кредит ахбороти алмашинуви тўғрисида»ги Ўзбекистон Республикаси қонунига кредит соҳасидаги муносабатларни яна-да такомиллаштиришга қаратилган ўзгартириш ва қўшимчалар киритиш ҳақида»ги қонунда белгиланаётган механизм аҳолини кредит фирибгарлигидан ҳимоя қилиш, уларнинг хабарисиз кредит расмийлаштириш ва масофадан туриб маблағларни ечиб олиш ҳолатларининг олдини олишга қаратилган.

Яъни жисмоний шахс бундай операциялар билан боғлиқ фирибгарлик ҳаракатларига йўл қўймаслик мақсадида кредит бюросига ўз номидан кредит шартномасини унинг иштирокисиз ёки хабардорлигисиз амалга оширишни тақиқлаш тўғрисида ариза билан мурожаат қилиши мумкин бўлади. Ушбу хизмат кредит олиш ёки мижознинг пул маблағлари билан операцияларни амалга ошириш имкониятини чеклаш учун мўлжалланган.

Шунингдек, қонунда кредит битими тузиш тақиқланган шахслар реестри жорий этилиши назарда тутилган. Фуқаролар ўз аризасига кўра ушбу реестрга киритилиши ёки ундан чиқарилиши мумкин. Рўйхатда бўлган шахсларга кредит ажратиш тақиқланади.

Кредит олишдан воз кечиш бўйича аризалар Ягона интерактив давлат хизматлари портали, давлат хизматлари марказлари ёки кредит бюролари орқали топширилиши мумкин.

Бундан ташқари, лойиҳада кредит ташкилотларига шахснинг кредит олиш ҳуқуқи мавжудлигини текшириш мажбурияти юкланмоқда. Агар фуқаро кредит олишдан воз кечган бўлса, унга кредит ажратиш ноқонуний ҳисобланади. Кредит бюроларининг фаолияти устидан назорат кучайтирилиб, қонунчилик талабларини бузганлик учун санкциялар белгиланиши кўзда тутилган.

«Газета.uz»нинг аниқлашича, 2023 йилда 2790 нафар фуқаронинг номига уларнинг хабардорлигисиз 19 миллиард сўмлик кредитлар берилган, 2024 йилнинг саккиз ойида эса 874 нафар жисмоний шахс жабрланган, уларга 36,6 миллиард сўм маблағ ажратилган.