Ўзбекистоннинг Термиз ва Олмалиқ шаҳарларига замонавий автобуслар харид қилиниши режалаштирилмоқда. Шу мақсадда, Ўзбекистон Республикаси транспорт вазирининг биринчи ўринбосари Маманбий Омаров 19 февраль куни видеоконференсалоқа орқали Хитойнинг Zhongtong Bus Holdings Co. Ltd компанияси, CIB банки ҳамда Sinosure суғурта ташкилоти вакиллари билан музокаралар ўтказди.

Учрашув давомида Олмалиқ, Термиз ва Тошкент шаҳрига замонавий автобусларни харид қилиш лойиҳаларини молиялаштириш масалалари муҳокама қилинди.

Хусусан, Олмалиқ шаҳрида «Olmaliq Trans Service» МЧЖ томонидан 83 дона, Термиз шаҳрида эса «Термизтранспортхизмат» МЧЖ томонидан 100 дона замонавий автобус сотиб олиш режалаштирилган.

«Шунингдек, мамлакатнинг бошқа вилоятларига ҳам замонавий автобусларни сотиб олиш жараёнида кредит ва лизинг шартларини енгиллаштириш бўйича таклифлар илгари сурилди», — дейилади хабар сўнгида.

Аввалроқ транспорт вазири Тошкентга 2025 йилда яна 1000 та автобус олиб келинишини маълум қилганди.