2024 йилда судьялар дахлсизлигини таъминлаш, улар фаолиятига аралашувлар бўйича Бош прокуратурага 5 та тақдимнома киритилди. Натижада 3 та жиноят иши қўзғатилиб, 2 ҳолат ўрганилмоқда. Бу ҳақда 20 февраль куни Судьялар олий кенгаши раҳбарияти иштирокида АОКАда ўтказилган матбуот анжуманида маълум қилинди, дея хабар бермоқда «Газета.uz» мухбири.
Таъкидланишича, ўтган йили 10 нафар судьяга нисбатан етарли асосларсиз қўлланган интизомий жазо чораларини бекор қилиш юзасидан ҳам тегишли малака ҳайъатига тақдимнома киритилган.
«Суд ишларига аралашув, судьялар дахлсизлигига таъсир ўтказиш эҳтимоллари бор, [бундай ҳолатлар шу пайтгача] бўлиб келган. Шунинг учун ҳам кенгашда судьялар дахлсизлигини таъминлаш билан шуғулланувчи алоҳида тузилма мавжуд. Агар бундай ҳолатлар бўлмаганида эди, бу тузилмани кераги ҳам бўлмасди», — дейди судьялар олий кенгаши ахборот хизмати раҳбари Турсунали Акбаров.
Кенгаш вакилининг билдиришича, бир ҳолатда Чиноз тумани суди раиси чиқарган қарордан норози бўлган тергов органи вакили судья олдига келиб, у билан жанжал қилган. Бу таҳдид сифатида қабул қилиниб, кенгаш томонидан прокуратурага тақдимнома киритилган. Ҳозирги кунда ушбу иш бўйича тергов-суриштирув органи вакилига нисбатан хизмат текшируви тайинланган.
Фото: АОКА
Унинг таъкидлашича, бугунги кунда судьяларга ижтимоий тармоқлар орқали таҳдид қилиш ҳамда давлат органлари томонидан таъсир ўтказиш ҳолатлари ҳам бўлмоқда.
«Ҳозирда суд ишларига аралашув кўпроқ ижтимоий тармоқлар орқали бўляпти. Ижтимоий тармоқ судга таъсир ўтказиш учун, суд ишларига аралашув учун жуда яхши бир имконият бўлиб қолди. Ҳали ҳукм чиқмаган ҳамда суд жараёнлари кетаётган ишларга блогерлар, айрим журналистлар, ҳатто, блогер-адвокатлар орқали ҳам бевосита бўлмаса-да, билвосита таъсир ўтказиш аломатлари учрамоқда», — дейди Турсунали Акбаров.
Унинг таъкидлашича, бундай ҳолатлар бўйича кенгаш вақтида муносабат билдиряпти, раддия беряпти ва ҳоказо. Бундан ташқари, юқори инстанция судьялари томонидан қуйи инстанция судларига таъсир ўтказиш ҳолатлари ҳам бор. Бу бўйича кенгаш ўз вақтида чора кўряпти, ҳатто лавозимидан озод этилаётганлари ҳам бор, дейди мансабдор.