2024 йилда 40 нафар судьянинг ваколати муддатидан илгари тугатилди. Бу ҳақда 20 февраль куни Судьялар олий кенгаши раҳбарияти иштирокида АОКАда ўтказилган матбуот анжуманида маълум қилинди, дея хабар бермоқда «Газета.uz» мухбири.

Йиғилишда таъкидланишича, ишдан бўшатилган судьяларнинг 19 нафари ўз аризасига кўра, 11 нафари судьялик қасамёдини, 10 нафари эса Судьялар одоби кодекси талабларини бузгани учун лавозимидан озод қилинган.

Тадбирда қайд этилишича, ўтган йили кенгаш томонидан судьялик лавозимига танлаш ва тайинлаш бўйича ўтказилган очиқ танловлар натижасида 783 нафар номзод (умумий номзодларнинг 84,2 фоизи) тавсия этилган лавозимга муносиб, деб топилган. Уларнинг 142 нафари судьялик лавозимида бўлишнинг биринчи 5 йиллик, 146 нафари 10 йиллик муддатга, 5 нафари муддатсиз даврга, 250 нафарининг ваколати муддатига қайта тайинланган.

судья, судьялар олий кенгаши

Фото: АОКА

«Судьялар корпусини шакллантиришда гендер тенгикни таъминлашга алоҳида эътибор қаратилмоқда. 2024 йилда аёл судьялар 34 нафарга кўпайиб, улар сони жами 225 нафар ёки 15 фоизга етди. 22 нафари раҳбарлик лавозимларига тайинланган. Аёл судьяларимизнинг 3 нафари Халқаро аёл судьялар ассоциацияси аъзоси ҳисобланади», — дейди Ўзбекистон Судьялар клуби раиси, кенгаш судьяси Маликахон Қаландарова.

Унинг айтишича, 2025 йил 20 февраль ҳолатига кўра, тизимда 1518 нафар судья фаолият юритмоқда. 500 нафари мазкур лавозимда бўлишнинг биринчи 5 йиллик, 964 нафари 10 йиллик муддатга, 54 нафари муддатсиз даврига тайинланган (сайланган).